08:00 / 06.07.2018
9 043

ИИВ расмий баёноти: «Санъат Умаров ички ишлар тизимига тасодифан кириб қолган нопок ходим»

ИИВ расмий баёноти: «Санъат Умаров ички ишлар тизимига тасодифан кириб қолган нопок ходим»
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси Каттақўрғонда милиция ходими томонидан гумонланувчи аёл ечинтирилиб, таҳқирланганига расмий муносабат билдирди.

«Ҳеч бир жамиятда инсон қадр-қиммати таҳқирланмаслиги, ҳар қандай шароитда ҳам инсон шаъни қадрланиши, унинг ҳуқуқлари тўла кафолатланиши белгиланган. Лекин, баъзи бир нопок ходимлар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилаётгани жуда ҳам ачинарли.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фуқаро Н.Т га нисбатан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатлар юзасидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, ҳолат Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Санъат Умаров томонидан содир этилганлиги аниқланди.

Бугунги кунда Санъат Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун ишдан бўшатилган. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади», дейилади баёнотда.

4 июль куни «Озодлик» нашри Каттақўрғондаги воқеа видеосини тарқатди — унда Каттақўрғонда милиция ходими ўғирликда гумон қилинган бир аёлни қип-яланғоч ечинишга мажбур қилгани тасвирланганди. Ички ишлар ходими аёлни шу аҳволда кўчага ҳайдамоқчи бўлади ва бу жараённи видеога олади. Кейинроқ гумондор аёл қўйиб юборилган.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура матбуот хизмати Санъат Умаров ушлангани ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ расмий баёноти: «Санъат Умаров ички ишлар тизимига тасодифан кириб қолган нопок ходим»