Кимларнидир, гарчи учинчи шахс сифатида бўлсин, гапириш, муҳокама қилиш ниятидан бутунлай узоқ бўлган ҳолда, баъзи масалалар юзасидан фикрларимни билдиришдан ўзимни тия олмадим. Ўйлайманки, фикр эркинлиги ва уни ифодалаш менинг конституциявий ҳаққимдир.
Қишлоғимиз азалдан одамларининг хуш хулқ, зиёли ва маданиятлилиги билан танилган. Қишлоқдошларимизнинг орияти, бир тану бир жонлигига ҳамманинг ҳаваси келади. Номуссизлик, юз қароликка етакловчи иллатлар, алҳамдулиллоҳ, кузатилмайди.
Куни кеча бу ерда ғалати ҳодиса юз берди. Азонда намозни ўқиб, эшик олдини кун чиқмай супуриб олиш учун чиққан келинчак дарвозаси олдида турган спорт сумкасини кўриб, бир чўчиб тушибди. Олдига бориб, нима эканини кўрай деса, ТВдан ҳар куни кўрсатавериб, одамларни огоҳ, тўғрироғи, қўрқоқ қилиб қўйган реклама эсига тушиб, иккиланиб қолибди: ҳалигиндай бомба бўлса‑чи? Келин шу ҳолатда қотиб турса, орқадан бомдодни адо этиб келаётган қайнотаси ва бир ёш йигитчанинг шарпасини сезиб, уларга сумкани кўрсатади. Чол яқинлашишга қўрқиб турганида, йигит бориб сумкани очади. Скотч билан ўраб ташланган бу сумкада бомба эмас, ҳайҳот, чамаси икки ҳафталик ўғил чақалоқ ухлаб ётар эди...
Ёнида "меҳрибон она"си томонидан тайёрланган "НАН" болалар озуқаси, қўшимча тагликлари бор экан. Бу ҳодиса қишлоқни ларзага солди: аёллар болага ачинган бўлса, эркаклар бундай разолат сабаб қишлоқ номига доғ тушишидан ғазабда эди. Болани четдан кимдир олиб келгани аниқ, чунки у катта йўл бўйидаги хонадонлар яқинига ташланган...
Ўйлаб қолдим: бу разолатни ким қилди экан? Ота-онасининг бошини эгган, ўз номусини ерга урган, аёл зотига, она деган номга иснод келтирган бу махлуқ ким? Зурриётини тан олишга журъати етмаган, оний лаззатнинг қули бўлган, оталик нималигини билмайдиган бу номард, нобакор ким экан? Жавоб аниқ: умрида масжид остонасидан ҳатламаган, жумага бориб маъруза тингламаган, ҳеч қурса, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайдиган коллеж битирувчисидир, ҳойнаҳой! Мана шу йигитнинг қалби масжидга ошно бўлганида, шу ишни қилармиди?
Онаси-чи? Момолари минг йиллардан бери эгнидан қўймай кийган бежирим, ҳам руҳини, ҳам жисмини омон сақлаовчи либослардан нафратланиб ўсган бир ўзбек қизидир, албатта.
Гўдакнинг иссиқда бўғилиб ёки очликдан ўлиб қолмаганига Аллоҳ кимни сабабчи қилди? Саҳарлаб кўчаларни супураётган муслимани, масжиддан қайтаётган чол ва йигитни...
Ажабо, чақалоқнинг ота-онаси ақалли бир дона оят ёки ҳадис билармикин? Йўқ, агар билганида, бу мусибат бошига тушмас эди.
Ҳадис ўқиш учун мактабга бормаган ‒ бу нарса бор гапми, ёки кимларнингдир ижодими, Аллоҳ билади ‒ болаларнинг ақалли бирортаси шу ишни қилармикин келажакда? Агар бунинг ота-онаси бўлган ёшлар ҳам ҳадис билан машғул бўлганида, келажаклари гўзал бўлармиди...
Иккинчи воқеа. Эрталаб ишга кетаётиб чиқиндиларни ташлаб ўтиш учун ахлатхонага машинасида борган йигит тушишга эриниб, тўғри ахлат идиш олдигача машинасини ҳайдаб боради. Чиқиндини улоқтириб, тезлик билан орқага бураётиб, бир нарсага тегиб кетади. Тушиб қараса, қора целлофан пакетга ўраб, ахлатхонага ташлаб кетилган чақалоқни мошинасида босиб, эзғилаб қўйган экан...
Буни эшитишга инсон бардоши етмас экан, аммо ибрат учун айтиш керак.
Муҳтарам масжидофобия дардига йўлиққан жаноблар, болаларни Аллоҳ азза ва жалланинг уйидан, У Зот билан бўладиган суҳбатдан тўсавермай, ён‑атрофга ҳам қаранглар. Мусулмонлар тинчликсевар, андишали одамлар бўлади, нима десак ҳам «Сизларга салом бўлсин!» деб индамай қўяди, деб барча йиққан-терган тошингларни отавермай, мусулмонлик нима, масжид нима, иффат нима, миллат нима, дин, номис, масъулият нима эканини билмай ўсиб қолган мана шундай "келажак эгалари" билан ҳам шуғулланинглар. Улар ҳам одам, улар ҳам шу мамлакат фуқароси, улар ҳам сизларнинг эътибор ва тарбиянгизга муҳтож.
Келажакда бағрингизни тўлдириши лозим бўлган, ўзларингиз оғиз тўлдириб намуна қилаётган Ибн сино, Бобур, Хоразмий ва бошқа даҳолар улардан туғилмаслиги аниқ. Зеро, биз фахр этаётган боболаримиз спорт сумкаларида сарсон, ахлатхоналарда хор бўлиб ўсмаган. Уларнинг ота‑оналари ҳалол никоҳ билан оила қурган. Улар аллақайси кавакда, мушук ёки бошқа бир жонивор сингари хилват жойларда эмас, меҳрибон доялар қўлида дунёга келган. Улар ҳайвон боласичалик ҳам меҳр топмай, ҳатто исмга ҳам лойиқ кўрилмай кўчага улоқтирилмаган. Уларни оналари имкон қадар таҳорат билан озуқалантирган. Покиза бешикларга белаган, сеҳрли аллалар айтиб ўстирган.
Хўш, айтинг-чи, Аллоҳ кўрсатмасин, сиз даъво қилаётган ўша урушлар мана шундай пок оиланинг покиза болалари томонидан бўладими ёки на ота‑она, на оила меҳрини билмай, аламзада бўлиб ўсган ташландиқ болалар бунга кўпроқ мойил бўладими? Ўзинглар ҳам ўша чет мамлакатларга чиқиб кетган кимсаларнинг асли таг-туги йўқ, на ота-она ва на маҳалла тарбиясини олган кўчабезорилар эканини таъкидлайсизлар‑ку!
Қуръон ёд олган, намоз ўқиган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди, буни ҳаммангиз яхши биласиз, аммо нега эътироф этмайсиз? Ўзларингиз эмасми мактаб ва коллеж талабаларининг қилмишларидан ёзғириб, тарбия зарурлигини айтиб жон куйдираётганлар? Исломдан яхшироқ тарбия борми? Наҳот бир гапларинг иккинчисига тўғри келмаса? Наҳот бугун бошқа, эртага бошқа гап айтишга уялмайсизлар?
Эҳ, гапирсам дард кўп, аммо...
Туркистоний
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Леонид Кучма: Россия билан урушмаслик учун Украина олдида икки йўл бор эди
Лукашенко украиналик генераллар таслим бўлиш учун унга қўнғироқ қилишганини айтди
Исроил ҳужумидан кейин Эрон ҳарбий бюджетини 200 фоизга оширади
Тошкентнинг уч туманида электр таъминоти вақтинча ўчирилади
Ҳанде Эрчел турк маданиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мукофотланди
Юк машиналари ҳайдовчилари учун янги тартиб кучга кирди
Ўт қопидаги тошлар қандай ва қаердан пайдо бўлади?
Венгрия ҳукумати Украинага ноқонуний қурол етказиб беришнинг олдини олганини маълум қилди