16:53 / 15.08.2018
5 379

Тошкентда ханжар кўтарган “жаллод” воқеаси бўйича расмий маълумот берилди (видео)

Тошкентда ханжар кўтарган “жаллод” воқеаси бўйича расмий маълумот берилди (видео)
“Спарк” автомашинасининг ойналарини синдириб, шиналарини яроқсиз ҳолга келтирган ва қўлида ханжар кўтариб олиб тартиббузарлик қилганлар бўйича расмий маълумот берилди.

Шу йилнинг 11 август куни Учтепа туманида содир бўлган ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Воқеани ўрганиш жараёнида далилий ашёлар тўпланиб, ушбу жиноий иш иштирокчиларининг кўрсатмалари олинди ва ҳар ҳолатга тегишли баҳо берилади, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати.

Ҳозирга қадар воқеанинг 3 нафар жабрланувчиси ва яна 3 нафар гумонланувчиси воқеа юзасидан кўрсатма берган. Яна икки гумондор, жумладан ҳодиса ташкилотчиси деб айтилаётган 27 ёшли Ж.Шохруҳ ҳозирда қидирувда бўлиб, уни қўлга олиш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жабрланувчи – 23 ёшли А.Ботиржон таниши Шохруҳдан пул қарз олиб, охирги 500 минг сўмни қайтаролмаган. Гумонланувчи Ж.Шохруҳ 24 ёшли Г.Зиёвуддин, 31 ёшли М.Музаффар, Н.Бекзод ва 33 ёшли И.Абдуғани билан “ВАЗ-2105” (Музаффар бошқарувида) ва Абдуғани бошқарган “Нексия-3” автомобилида “Ватан” кинотеатри ёнида “Спарк” машинасини бошқариб кетаётган 34 ёшли М.Жасурнинг йўлини тўсиб уни тўхтатишган. Қўлга олинганларнинг кўрсатма беришича, Зиёвуддин “Спарк” машинасининг шинасига зиён етказган, Музаффар эса ойнасини синдирган.

Шундан сўнг, ҳуқуқбузарлар жабрланувчиларни куч билан ўзларининг машиналарига ўтқазиб, Сергели туманига олиб кетишган ва ўша ерда уларга тан жароҳати етказишган. Жароҳат даражасига шифокорлар аниқлик киритишмоқда. Шундан кейин Г.Зиёвуддин ва Н.Бекзод жабрланувчиларни шифохонага олиб бориб, ҳақиқатни айтиб қўймаслиги учун кузатиб туришган. Қўрқув остида қолган жабрланувчилар шифокорларга бўлиб ўтган воқеа ҳақида айтишмаган ва ички ишларга ҳам хабар беришмаган. Лекин ҳолат тасвирланган видеолавҳа Интернет тармоғида тарқатилгандан сўнг, сир ошкор бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур тасвир асосида тезкор тергов ҳаракатларини олиб бориб, шу куни кечки пайт гумондорларнинг шахсига аниқлик киритилган ва қисқа фурсатда улардан 3 нафари қўлга олинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)