10:30 / 21.08.2018
5 245

ИИВ ходимларга пора таклиф қилинган ҳолатлар ҳақида маълумот берди

ИИВ ходимларга пора таклиф қилинган ҳолатлар ҳақида маълумот берди
Мамлакатда коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам порахўрлик ва тамагирлик каби салбий иллатларга қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

Жумладан, жорий йилнинг июль ойида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими К.Р. раҳбарият номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда фуқаро Р.А. қонунга хилоф эканлигини била туриб, жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўзига нисбатан тўпланган маъмурий ҳужжатларни рўйхатга олмаслик ва “Tiko” русумли автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига пора таклиф қилаётганлигини маълум қилган. Ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Р.А. ходимга 195000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Шу каби, фуқаро Б.А. ҳам унга нисбатан тўпланган маъмурий ҳужжатлар юзасидан ўзига қонунга хилоф равишда енгиллик яратиш ва “Spark” русумли автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқартириб бериш эвазига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими Д.Л.га 500000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Шунингдек, Хоразм вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ходими Р.Н. ўзининг иш юритувидаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан бўлган жиноят иши бўйича гумон қилинувчи Н.Т. унга жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш эвазига пора таклиф этаётганлигини маълум қилиб, ёзган билдиргиси асосида 2018 йилнинг август ойида ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Н.Т. ходимга 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ички ишлар вазирлиги келгусида ҳам фуқаролар томонидан ходимларга қонунга хилоф эканлигини била туриб, пора таклиф қилинган ҳар бир ҳолатга нисбатан қонунда белгиланган тартибда муросасиз кураш олиб боради”, - дейилади ИИВ хабарида.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ ходимларга пора таклиф қилинган ҳолатлар ҳақида маълумот берди