11:16 / 18.10.2018
6 641

Энди чегарадан Ўзбекистонга киришда товарларни божсиз олиб ўтиш учун нималарга амал қилиш керак?

Энди чегарадан Ўзбекистонга киришда товарларни божсиз олиб ўтиш учун нималарга амал қилиш керак?
Амалдаги тартибларга мувофиқ, жисмоний шахслар айрим турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдоридаги товарларни мамлакатимизга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкинлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 463-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари тасдиқланган эди.

Бироқ, айрим фуқароларимиз божхона тўловларидан қочиб, берилган имтиёздан тижорат мақсадида фойдаланишга уриниш ҳолатлари ортиб борди, деб маълумот беради Kun.uz’га Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Чунончи, қўмита ахборот хизмати маълумотларига кўра, айрим шахслар товар олиб ўтиш мақсадида бошқа фуқароларни жалб этиш, соддароқ айтганда, маълум бир ҳақ эвазига уларни ёллаш йўлига ўтишган.

Оқибатда, тижорат мақсадидаги сифати кафолатланмаган товарларни, айниқса озиқ-овқат маҳсулотларини қўшни давлатлардан чегара божхона постлари орқали ташиб беришни ўзига касб қилиб олган шахслар қайта-қайта ҳаракатланишлари ҳисобига чегара божхона постларида сунъий равишда тирбандликлар юзага келган.

Мисол учун, фуқаро Р.Н. жорий йилнинг ўтган даврида 413 маротаба, М.Е. 331 марта, С.У. 282 маротаба қўшни давлатларга ўтиб қайтишган. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Шунингдек, тез бузиладиган ва совутгичларда сақлашга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш шароитларига риоя этилмаган ҳолда «ташмачилар» томонидан тижорат мақсадида республикамиз ҳудудига олиб кирилиши, истеъмолчиларнинг соғлиғини хавф остига қўймоқда.

Божхона органлари томонидан шахсий эҳтиёж ниқоби остида тижорат мақсадлари учун товарларни етказиш билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Ўтган даврда ўтказилган тезкор тадбирларда божхона расмиятчилиги соддалаштирилганидан фойдаланиб, «ташмачилар» ёрдамида божхона чегарасидан ўтказилган 23,8 млрд сўмлик товарларни тижорат мақсадида ички бозорга чиқариш билан боғлиқ 1354 та ҳолатнинг олди олиниб, 1321 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий иш материаллари кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилди, қўпол божхона қонунчилигини бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Масалан, фуқаролар Д.Р. ва А.И. ўзаро жиноий тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида, «ташмачилар» ёрдамида республикамиз ҳудудига 193 млн сўмлик «Alfa» ўсимлик ёғларини олиб ўтишгани учун уларга нисбатан ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органларига юборилган.

Бу республика ички бозорига сифати кафолатланмаган товарлар кириб келиши ортидан, нафақат мамлакатимиз иқтисодий манфаатлари, балки юртдошларимиз саломатлигини ҳам маълум бир даражада хавф остига қўя бошлаган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 октябрь кунги қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритилган.

Ўзгартиришларга мувофиқ, чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда рўйхатдаги 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини 6 календарь ойида, ҳар бир номдаги товардан эса 1 календарь ойида 2 кг.гача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) божсиз олиб киришга рухсат этилди. Аммо, уларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.

Албатта, ушбу ўзгартиришлар энг аввало истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ички бозорга сифатсиз товарлар кириб келишини олдини олиш, мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини инобатга олган ҳолда киритилганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди чегарадан Ўзбекистонга киришда товарларни божсиз олиб ўтиш учун нималарга амал қилиш керак?