21:43 / 29.10.2018
3 416

Электр тармоқлари корхонасининг сохта ходими қўлга тушди

Электр тармоқлари корхонасининг сохта ходими қўлга тушди
Азлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани электр тармоқлари корхонаси назоратчиси бўлиб ишларди. Негадир унга бу иш ёқмай қолди. Тез-тез шу ҳақда ўйлар, катта даромад илинжида тезроқ бойиб кетишни ор­зу қиларди. Шу тариқа у туман электр тармоқлари корхонасида ор­тиқ ишламайдиган бўлди. Азлар нима иш қиларини билмай бир-икки кун каловланиб юрди. Кунлар ўтиб борган сари у дўпписи тор келаётганини ҳис қилди. Орзу қи­лавериб чарчади шекилли, зудлик билан пул топишга бел боғлади. Ўйлай-ўйлай охири йўлини топди.

Шу тариқа Азлар Чилонзор тумани 20-даҳасида яшовчи хонадон эгаларини "нишон"га олди. У ўзини электр тармоқлари корхонаси ходими деб таништирди-да, назоратчи ролини ўйнашга киришиб кетди.

Дастлабки "ов"ини 2017 йил 28 январь куни амалга оширди. Чилонзор туманининг 20-даҳасидаги хонадонлардан бирида истиқомат қи­лувчи Ҳа­ким Шодиевнинг эшигини тап тортмай тақиллатди. Хонадон эгаси эшик очаркан, Азлар дарров назоратчи ролини ўй­нашга киришди.

Хонадони эгасидан фойдаланилган электр энергия учун 60 000 сўм қарздор эканлигини тушунтирди. "Шов­воз" йигит пулни санаб оларкан, бамайлихотир истеъмолчига қалбаки квитанцияга ёзув-чизувини тушириб, жимжимадор қи­либ имзо ҳам қўйиб берди. Унинг чўнтаги тумандаги 20-даҳада яшовчи фуқароларнинг маблағлари ҳисобидан тўлиб турди. Азларнинг тузоғига илинганлар рўйхати кун сайин ортаверди.

2017 йил 1 март куни А. Имомовдан 134 000 сўмни "шилиб олди".

Орадан уч кун ўтиб, яъни 4 мартда Ж. Қобиловдан 100 000 сўмни қуртдек санаб олди. 5 август кунида эса, О. Шокировани электр энергия­сидан 160 000 сўм қарзи борлигини айтиб, "ора­ни очиқ қилди".

14 августида эса, А. Имомовни яна 60 600 сўмга чув туширди. 24 сентябрда А. Соатов хонадонида "актёр"лик маҳоратини ишга солиб 100 000 сўмни қўлга киритди. 21 октябрда Ж. Қобиловни яна алдаб 100 000 сўм билан чўнтагини қаппайтириб кетди. 11 декабрда эса, аввалги "мижози" О. Шо­ки­ровани лақиллатиб, яна 100 000 сўмини олди.

2018 йил 3 март куни у А. Соатовни яна "йўқлаб" борди. Ундан олган 75 000 сўмни, одатига кўра, туман электр корхонаси тармоқлари корхонаси ҳисобига тўлашини айтиб, шу ҳақида ўз қўли билан имзолаган квитанцияни тутқазди.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деган мақол мағзини чақмаган Азлар охир-оқи­бат "манзилига етиб келди". У содир этган жиноят ҳу­қуқ-тартибот идоралари томонидан тезда фош этилди. Суднинг қора курсисидан жой олган бу фирибгар кимса қилмишига яраша жазо олди.
Баҳодир Юсупов,
жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди судьяси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Электр тармоқлари корхонасининг сохта ходими қўлга тушди