date
views 5 606

Мутасаддиларга дарс. Оққўрғон бўйича барча тафсилотлар

Мутасаддиларга дарс. Оққўрғон бўйича барча тафсилотлар
Ўзбекистонда 27 октябрь куни кутилмаган тарзда бошланди: ҳамма жойда бир хил гап, ҳамма бир масалани муҳокама этмоқда. Ижтимоий тармоқдаги саҳифада пайдо бўлган олти кишининг ариққа тушиб олгани, айб иш қилгандай, қўлларини боғлаб туришидан уларни кимдир шу алфозда жазолаган бўлса, ажаб эмас, дейишди.

Kun.uz суратда тасвирланган ҳолат «қаҳрамонлар»ини қидиришга тушди. Кейинчалик маълум бўлдики, улар Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшайди. Улар нафақат шу туманда яшайди, балки ариқдаги олтовлон орасида туман ҳокими ўринбосари, ҳокимлик мутасадди раҳбарлари борлиги билдирилди. Демак, ҳодиса Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, «Абдуносир Ғулом» фермер хўжалиги майдонида юз бергани аниқланди.

Kun.uzʼга етиб келган ахборотга кўра, ариқ сувига оёқ тиққан кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари — Шерзод Муродов, туман сув хўжалиги бошлиғи — Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи — Шароф Аҳмедов, МФЙ оқсоқоли — Зокир Мусабеков, «Мавлонбой ота» фермер хўжалигини раҳбари — Аброр Мавлонов, «Абдуносир Ғулом» фермер хўжалиги раҳбари бўлиб чиқди.

27 октябрь куни кечки маҳал Оққўрғон туман ҳокимлигига етиб келганимизда, бизни ҳоким Фарҳод Омонов қарши олди. Унинг айтишича, туман ҳокими ўринбосари (Шерзод Муродов - таҳр.) қилинган ишларнинг барчасини таҳлил қилмоқчи бўлиб, «Абдуносир Ғулом» фермер хўжалигига борган.

«Ғалла экилгандан кейин, сув қўйилиши керак. Лекин, ғалла экилган жойда сув қўйилмаган, ёнидаги ариқда эса сув оқиб ётибди. «Мана сув бор-ку! Нега сув қўймайсан?», деган пайти, сувга ўзи тушиб кетган. «Мана — сув! Бу ёққа кел, сен ҳам сувни кўргин», деб туриб, қолганларни ҳам сувга...», - дейди у.

27 октябрь куни ижтимоий тармоқ саҳифаларини ларзага келтирган сурат бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «қаҳрамонлар»ни ва ўша воқеа юз берган ҳудудни аниқлашда жамоатчиликдан ёрдам сўраб, мурожаат қилишга улгурганди. Оққўрғон туман ҳокимига кўра, тегишли ахборот аллақачон вазирликка тақдим этилган. Аммо, вазирлик расмий вакили 27 октябрь соат 18.00га қадар аниқ маълумот йўқлигини билдириб, Kun.uz мухбири билан суҳбатда суриштирув давом этаётганини айтганди.

Бундан ташқари, ҳоким текширув пайти «республикадан ҳеч ким бўлмаган»ини тасдиқлади. Бу гапнинг тескариси, яъни ўша куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев Оққўрғонда, сувга ботган олтовлондан сал нарида бўлгани ҳақида туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов айтиб берди.

«Улар бизга терс қараб турганди, 20-30 метр узоқроқда эди. Улар орасида бош вазир ўринбосари, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари бўлган. Улар буни кўрмади».

Тумандан қайтарканмиз, сурат ортида яширинган ҳақиқат биздан беркинаётгандек туюлаверди. Кимдир ниманидир яширяпти, кимдир кимнидир ҳимоя қиляпти, ё ундан қўрқаяпти. Аммо, давлат раҳбари бундан хабардор эди. 29 октябрь куни ўтказилган йиғилишда маълум қилинишича, президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь юз берган ишлар ҳақида бир кун ўтиб хабар топган ва ўша куннинг ўзида асосий айбдор - бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевга нисбатан чора кўрган. У вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда ўша куни президент фармони тайёрланди, аммо дам олиш куни муносабати билан у кейинроқ эълон қилинди.

«Мен ҳали бунақа фармонни ўқимаганман, эшитмаганман. Президентимиз фаолиятининг илк давриданоқ мажбурий меҳнатга қарши бўлиб, унинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш масаласини давлат сиёсати даражасига олиб чиқди. Бу масалада қатор қарорлар қабул қилинди, чоралар кўрилди», дейди бош вазир Абдулла Арипов 29 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида.

Гарчи, Оққўрғондаги вазиятни мажбурий меҳнатнинг ўзгинаси, деб айтиш қийин бўлса-да, унинг асосий ижрочисига кескин чора кўрилиши кутилмаганди. Бунинг кетидан президент барча раҳбар, ҳоким ва бошлиқларни яна бир марта, балки охирги марта огоҳлантирди, тартибга чақирди: мажбурий меҳнат ва инсон қадрини ерга юриш ҳеч қачон кечирилмайди.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, узоқ йиллик меҳнати, тажрибаси-ю, эл-юрт олдидаги хизмати ҳам бундай жирканч ҳаракат олдида кимнидир сақлаб қололмайди.

Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Йонас Астрап ҳукумат ва давлат раҳбарининг Оққўрғондаги ҳолатга билдирган тезкор муносабатини олқишлаб, шундай дейди:

«Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонга битта сурат орқали баҳо бермайди, балки, унинг иштирокчиси мансабдор шахс бўлса-да, ҳукумат ва давлат раҳбарининг ушбу масалага нисбатан билдирган муносабатига баҳо беради».

Иш шу билан якунланмайди. Зойир Мирзаев олдида ўша ҳолатга гувоҳ бўлиб, қаршилик кўрсатмаган вилоят прокурори ўринбосари ҳам ишдан олинди. Бош прокуратура эса ишни жиддий ўрганиши кутилмоқда. Балки, энди ҳаммаси ойдинлашиб, фермерлар нега ғаллага сув қўймагани, уларга ким тўсқинлик қилгани аён бўлар, ким билсин. Хуллас, бугун мажбурий меҳнат каби иллатларга қарши муросасиз кураш бир йил аввал урф бўлган одат эмаслиги эслатиб қўйилди. Бошқа мутасаддиларга эса Оққўрғон иши дарс бўлди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мутасаддиларга дарс. Оққўрғон бўйича барча тафсилотлар