16:48 / 31.10.2018
3 936

Журналист Давлатназар Рўзметов нега қамоққа олинди? — KUN.UZ суриштируви

Журналист Давлатназар Рўзметов нега қамоққа олинди? — KUN.UZ суриштируви
29 октябрь куни “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосари Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир туманида ҳибсга олинди.

Давлат Назар тахаллуси билан мақолалар ёзган журналист Қўшкўпир тумани Маъмурий ишлар бўйича суд қарорига кўра 7 суткага қамалган.

25 ёки 27 октябрь куни Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир тумани ҳокимлигида ўтказилган кечки йиғилишда қатнашган. Шундан сўнг, у уйига келмаган.

Рўзметовнинг турмуш ўртоғи Ленинза Алиева сўзларига кўра, бу воқеа 25 октябрь, пайшанба куни содир бўлган. Шу куни кечқурун эри уйга келмаган ва Хива туманидаги наркология диспансерига олиб кетилган:

“Отам вафот қилгани туфайли, Хива туманида маъракада эдим. Уйга келсам, ҳеч ким йўқ, болалар ҳам қаровсиз қолган экан. Эрим баъзан тўй, баъзан хизмат юзасидан ишхонасида ёки дўстлариникида қолар эди. Бу сафар ҳам шундай бўлгандир, деб ўйладим. Телефон қилсам, жавоб бермади. Шундан сўнг, хавотир олиб, ярим тунда Қўшкўпир тумани ИИБга қўнғироқ қилдим ва эримнинг наркология диспансерига олиб кетилганини билдим. Навбатчидан гап нимада эканини сўрасам, “хавотир олманг, эрталаб қўйиб юборишади”, деди. Эртасига эримнинг ўзи қўнғироқ қилиб, “мен ишдаман, хавотир олма, тўйда бироз ичган эдим, мажлисда сал қуюшқондан чиқибман”, деб айтди”.

Қўшкўпир туманида ўтказилган кечки йиғилишда қатнашган, туман ижтимоий соҳа бўйича бош мутахассиси Дониёр Садуллаев сўзларига кўра, воқеа 27 октябрь куни содир бўлган.

“Шу куни туман ҳокими Жўрабек Раҳимов йиғилиш ўтказди. Унда маҳалла раислари, котиблари, тарғиботчилари қатнашди. Бир маҳал Давлатназар Рўзметов телефонини юқорига кўтариб (камерасини ишлатган ҳолда бўлса керак), “Ёраман ҳаммасини!” (ҳаммани боплайман) деб кириб кетди. Унинг ичгани, маст экани сезилиб турарди. У ичкарида бироз шовқин-сурон кўтарди, бироқ ҳеч ким билан тортишмади, жанжал қилмади. Ичкарига кириб, “Бу очиқ мажлисми ёки ёпиқ мажлисми? Мен “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосариман”, деди. Бу мажлисда пахта теримчиларига ёғ тарқатиш масаласи кўрилаётганди. Менимча, Рўзметов бу ерда ўқитувчи ва шифокорларни пахтага чиқариш масаласи кўрилаётган, деб ўйлаган шекилли. Мажлисдан кейин ўзи ҳам буни тан олди. Аммо бу ерда халқ таълими бўлими ёки тиббиёт бирлашмасидан ҳеч ким йўқ эди. Мажлис тугаганидан сўнг, ҳаммамиз чиқиб кетдик. Рўзметов ҳам биз билан бирга чиқди. Шундан кейинги воқеалардан хабарим йўқ”.

Мажлисдан сўнг Давлатназар Рўзметов ИИБ ходимлари томонидан Хива туманидаги наркология диспансерига олиб кетилган ва эрталабгача ушлаб турилиб, кейин қўйиб юборилган. Шу куни у уйига келмасдан, тўғри ишга — Урганч шаҳрига кетган.

29 октябрь куни Рўзметов Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва судланган. Бу ҳақда Ленинза Алиева гапириб берди.

“29 октябрь куни яна Хивага — маъракага кетдим. Қайтиб келсам, қўшнилар олдимга чиқишди. Мен йўғимда милиция ходимлари келибди, бизни суриштиришибди, эримнинг телефон рақамини сўрашибди. Шундан сўнг, яна хавотир олиб, эримга қўнғироқ қилдим. Аммо қўнғироққа эримнинг ҳамкасби Болтабой жавоб берди. “Давлатназарни суд қилишди, 15 суткага қамашмоқчи эди, зўрға 7 суткага туширдик, Урганчга олиб кетишди”, деди. Кейинчалик билсам, эрим Урганч шаҳридаги халқаро математика олимпиадасини ёритгани борганида, Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳибсга олинган”.

30 октябрь куни эрталаб, ўзини Фаррух деб таништирган ИИБ ходими келиб, Давлатназар Рўзметовнинг ёнидан чиққан иш қоғозлари, баъзи бир ҳужжатларини ва 200 минг сўм пулини хотини Ленинза Алиевага бериб кетган. У Рўзметовни Ҳазорасп тумани қамоқхонасига олиб кетилганини айтган.

Судда гувоҳ сифатида иштирок этган Дониёр Садуллаев сўзларига кўра, Рўзметов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, узр сўраган:

“Маъмурий судда қатнашиб, кўрсатма бердим. Давлатназар Рўзметов мажлисда қуюшқондан чиқиб кетганини тан олиб, узр сўради”.

Давлатназар Рўзметов ишини юритган Қўшкўпир тумани Маъмурий ишлар бўйича судьяси Алишер Маметов унинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси бўйича судланганини тасдиқлади. Афсуски, иш вақти тугагани боис, суд қарорининг нусхасини ололмадик.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси майда безорликни, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликни кўзда тутади. Бу моддага асосан жавобгар шахслар энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Давлатназар Рўзметовнинг туман ҳокимлиги мажлисида қилган ишлари майда безорилик ўлароқ баҳоланиши мумкиндир, бироқ, у қаттиқ жазо — 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинишга лойиқмикан? Буни маъмурий суд қарорини қўлга олганимиздан сўнг аниқлашга ҳаракат қиламиз.
Нурмуҳаммад Саид

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Журналист Давлатназар Рўзметов нега қамоққа олинди? — KUN.UZ суриштируви