03:30 / 05.11.2018
3 816

Ўзбекистон ТИВ Москвада "Толибон" билан учрашади

Ўзбекистон ТИВ Москвада "Толибон" билан учрашади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва шаҳрида "Толибон" ҳаракати вакиллари билан музокаралар олиб боради.

Россия ТИВ хабарига кўра, 2018 йил 9 ноябрь куни Москвада Ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари ва махсус вакиллар даражасида Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва шакли 2-йиғилиши бўлиб ўтади.

"Бундай даражадаги халқаро учрашувда илк марта Доҳадаги (Қатар) "Толибон" ҳаракатининг сиёсий идораси делегацияси ҳам иштирок этади", дейилади Россия ТИВ ахборотида.

Йиғилишга Ўзбекистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШ таклиф қилинган. Афғонистон президенти Ашраф Ғани мазкур тадбирга мамлакат Тинчлик олий кенгаши делегациясини юборишга қарор қилган.

Ўзбекистон расмийлари 2018 йил 7-10 август кунлари "Толибон" ҳаракати билан Тошкентда музокара ўтказган эди. Доҳа (Қатар) шаҳрида жойлашган "Толибон" ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббас Станикзай бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига келганди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси "учрашувда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилгани" ҳақида қисқа маълумот бериш билан кифояланган.

Ушбу учрашувдан кейин "Толибон" ҳаракати Тошкентда ўзининг сиёсий вакиллигини очаётгани, бу орқали ҳаракат Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантирмоқчи бўлаётгани ҳақида хабарлар болалаб кетган эди.

"Бу масала муҳокама қилинмайди. Ҳеч қандай офис очилмайди", – деганди ўшанда "РИА"нинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси.

БМТ Хавфсизлик кенгаши "Толибон" ҳаракатини террорчилик ташкилоти деб тан олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ТИВ Москвада "Толибон" билан учрашади