09:18 / 27.11.2018
4 815

Самарқандда ММОчилар диктатор(ми?)

Самарқандда ММОчилар диктатор(ми?)
Фото: ЎзА
Самарқандда қурилган, қурилаётган кўпқаватли уйлар бузилаётгани, бунга асос қилиб ЮНЕСКОдек жуда нуфузли халқаро ташкилот ҳужжатлари пеш қилинаётгани кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда, деб ёзади ЎзА.

«Маданият вазирлиги маданий мерос объектлари (ММО)ни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси» бугун ўзининг ҳеч қандай қонун билан асосланмаган қарорлари билан Самарқандни ўз мулки қилиб олди. Инспекция ўзи истаган бино — масжид, мақбара, замонавий чойхона ва ошхоналарни ҳам ММО дея эълон қилиб, уларни давлат муҳофазасига олиниши шартлиги тўғрисида ҳокимиятларга тавсиялар киритмоқда ва вилоят ва шаҳар ҳокимлари улар истаган қарорни чиқариб бермоқда. Албатта, ММО деб тан олинган бино алоҳида мартабага эга бўлади, муҳофазага олинади, унга тегилмайди, энг муҳими, бу бино ва унда фаолият олиб бораётган ишбилармонлар солиқ тўламайди.

Самарқандда Инспекция шунчалик нуфузга эга бўлдики, бирор уй қурилиши учун қурилиш фирмалари раҳбарлари энди, энг аввало, шу идора рухсатини оладиган, шусиз ҳокимлар қарор чиқармайдиган бўлди.

Хўш, ММО ўзи нима?

Ўзбекистонда 2001 йили «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида» қонун қабул қилинган. Унда халқнинг умуммиллий бойлиги бўлмиш ММО ким томонидан, қандай муҳофаза қилиниши, ким уни тартибга солиб бориши аниқ қилиб белгилаб берилган. Унда ММОни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритишни тавсия қилиш ваколатигина Маданият вазирлиги ва унга тегишли Инспекцияга берилган. ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш эса, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига юклатилган (6-модда).

Маҳаллий ҳокимият органлари ва Инспекцияга бундан ортиқ ваколат, яъни ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш, шаҳарда қурилаётган уйларнинг баландлигини чегаралаб бериш, уйларни буздириш, текислаш ваколатлари берилмаган.

Кўпқаватли уйларни бузиш борасида маҳаллий ҳокимият раҳбарлари асоссиз ва ноқонуний тарзда шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилди.

Биргина Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан қурилишига ноқонуний қарор берилган 200 дан ортиқ кўпқаватли уйнинг тақдири шубҳа остида қолди. Бугунги кунда прокуратура органлари ана шу уйларнинг 100 дан ортиғига оид қарорларнинг ноқонуний экани борасида текширув ишларини олиб бормоқда.

Соҳа мутахассислари гувоҳлик беришича, Самарқанддаги 100 дан ортиқ уй, кафе, ресторан, дўкон, кинотеатр ва бошқа иншоотлар ММО сифатида давлат муҳофазасига олинган. Аслида, уларнинг бирортаси на тарихий, на маданий, на меъморий қимматга эга. Умумжаҳон ММО рўйхатига сира ҳам кирмайди.

Яна бир қизиқ факт: Самарқанддаги биноларни ММО деб топишни инспекция бошлиғи ўзи тузиб, ўзи тасдиқлаган, раҳбар қилиб ўзини тайинлаган, таркибига эри ва бошқа яқин қариндошларини киритган Эксперт Кенгаши ҳал қилади.

Инспекция томонидан ўйлаб топилган «Муҳофаза ҳудуди» ва «Буфер ҳудуди»га кириб қолган биноларнинг тақдири биргина Инспекция ишораси билан ҳал бўлмоқда. Энг қизиғи, қайсидир бинолар қолдирилиб, ёнидаги, ундан пастроқ бинолар бузилмоқда.

Инспекция «ихтиёрига берилган» биноларда бугун корхоналар, дўконлар, ошхоналар, турли катта-кичик фирмалар фаолият юритаётганлиги ҳам сир эмас.

2016 йилда Самарқанд вилоят ИИБ раҳбарияти тақдимномаси билан Маданият вазирлиги Инспекция ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилгани, экспертизаларни ноқонуний ўтказгани, ўзбошимчаликлар қилинганини аниқлаган эди. Аммо аниқлаган иш нима учундир судгача етиб бормади...

Самарқандда бўлаётган тартибсизликлар, шубҳа-гумонларни тарқатиш мақсадида, халқнинг фикрини эшитиб кўрадиган, бу ишларга сабаб бўлаётган ММО ва муҳофаза ҳудудлари ҳақида ақл билан бир тўхтамга келадиган, бу борадаги ҳукуматнинг, Маданият вазирлиги, маҳаллий ҳокимият қарорлари қанчалар тўғри эканини баҳолайдиган, хуллас, масалани бир ёқли қиладиган пайт келди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда ММОчилар диктатор(ми?)