Президент Хоразм вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди

  • 30-11-2018, 20:34
  • 600
  • Жамият
  • Президент Хоразм вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди
    Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига икки кунлик сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

    Президент ташрифнинг охирги қисмида Урганч шаҳри марказидаги Ал-Хоразмий ва Паҳлавон Маҳмуд кўчалари кесишмасидаги майдонга ташриф буюриб, қурилиш лойиҳалари билан танишди.

    Бу ерда Жалолиддин Мангуберди мемориал боғини барпо этиш режалаштирилган.

    Президент Жалолиддин Мангуберди ҳайкали буюк бобомизнинг жасорати ва шону шавкатига мос маҳобатли бўлиши, унинг атрофидан нур таралиб туриши кераклигини таъкидлаган.

    «Бу майдонда тарихимиз намоён бўлиши, у Хоразмнинг «ташриф қоғози»га айланиши керак. Шунинг учун тарихчи олимлар билан маслаҳатлашиб, майдонни чуқур мазмунли, чиройли, жозибали қилиш зарур», - дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

    Президент боғ ҳудудини кенгайтириш ва ободонлаштириш, ҳар бир элементда қадимийликни акс эттириш бўйича ўз тавсияларини берган.

    Шу ерда Урганч шаҳри марказини батафсил режалаштириш, кўп қаватли уй-жойлар қуриш, иссиқлик ва ичимлик суви таъминотини яхшилашга доир лойиҳалар бўйича ҳам маълумот берилган.

    Шу билан президентнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди.

    » » Президент Хоразм вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди