Хоразм вилоятининг 5 та туманида ҳокимлар алмашди

  • 2-12-2018, 11:11
  • 940
  • Жамият
  • Хоразм вилоятининг 5 та туманида ҳокимлар алмашди
    Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифидан сўнг вилоятнинг 5 та туманида ҳокимлар алмашган. Бу ҳақда «Turon24» хабар берди.

    Хусусан, 1 декабрь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Гурлан туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Алишер Салаев Гурлан тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Бунгача Салаев Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

    Шу куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўктам Машарипов Янгибозор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Ушбу тайинловга қадар у Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи бўлган.

    Собир Жуманиязов Хива шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Ушбу масала 1 декабрь куни Халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўрилган. У 2013 йилдан «GM Uzbekistan» ёпиқ акциядорлик жамияти Хоразм филиали бошқарувчи директори лавозимида ишлаётган эди.

    1 декабрь куни ўтган Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Равшан Жабборов ушбу туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У 2014 йилдан Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси бўлиб ишлаётган эди.

    Шуҳрат Абдуллаев Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Урганч шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Бунгача у Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаётган эди.

    30 ноябрь куни Хоразм вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Фарҳод Эрманов Хоразм вилояти ҳокими этиб тасдиқланган эди.

    » » Хоразм вилоятининг 5 та туманида ҳокимлар алмашди