15:43 / 04.12.2018
3 798

Прописка ҳақида ҳақиқатлар

Прописка ҳақида ҳақиқатлар
Ҳар гал прописка ҳақидаги навбатдаги хабарни ўқиб, юрагим шиғ этади. «Прописка тартиби соддалаштирилди​​», «Ходимларини Тошкент доимий пропискасига тавсия этадиган ташкилотлар рўйхати кенгайди» ва ҳоказо. ​Аслида, шу матн ичида мени қувонтириб, ҳаётимни тубдан ўзгартириб ташлайдиган бирор қудратли «ирода» йўқ. Шунчаки, умид сўнмаган, ўқийвераман. Балки, сиз ҳам менга ўхшаб яхшиликни кутасиз.

Прописка бўйича иккита ҳолатга ҳеч тушунмайман. Ўзбекистонда паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши ҳолатлари бўйича жарима белгиланган. Масалан, Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган, бирор вилоятда муқим яшовчи Ўзбекистон фуқароси пойтахтга келиб қолса-ю, у шу заҳоти ички ишлар ходимига дуч келса, мана шу жазога тортилишини кўп учратганман.

Лекин, унинг ​​қўлида ҳақиқий паспорти бор, ўша паспортда прописка муҳри ҳам қадалган. Унинг айби - Тошкентда доимий ҳисобда турмасдан шаҳарга қадам ранжида қилгани, холос. Кодексда аниқ баён қилинган: турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши​ мана шунақа жазога сабабчи бўлади. Лекин, яшаш жойи бўйича ҳисобга туришга шароит, имкон, энг асосийси - ҳуқуқий асос борми?

Ўзбекистон Конституцияси 28-модда қуйидагича битилган: Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир. Таъкидланган ҳаракатларга ҳақли инсон ҳуқуқларидан қандай фойдаланиши, айниқса хорижга чиқиш масаласида ҳам ҳаммаси жойида, масала фақат пропискада қолган, дея олмайман. ОВИР - катта мавзу, бундан буёғи тонг отгунча мавзу бўлади.

Гап фақат «бир жойдан иккинчи жойга кўчиш»​​ ҳақида кетганда моддада келтирилган иккинчи гап ҳафсалани пир қилади. Авваллари «қонунда белгиланган чеклашлар»​ жумласи озодликдан маҳрум этилган кишилар, суд ё ҳуқуқ-тартибот органлари қарори​ билан ҳаракатланиши чекланган шахсларга қаратилган, деб тушунардим. Мантиқан, бу қоидалар батафсил этиб қонунларда белгиланган бўлади. Аммо, бошқа бир мантиқ борки, у сизда кулги уйғотади. Яъни, Конституция ўзидан қуйи ҳужжатларга ҳавола бермоқда. Масалан, менинг исмим паспортда ёзилган, аммо унда бошқа ёзувни ҳам тасаввур эта оласизми: бошқа ҳужжатларда ёзилган исм-шарифлар бундан мустасно. Менинг исмим паспортда бир, лицей берган дипломимда бошқача бўлиши мумкинми?

Ваҳоланки, Конституция мамлакатнинг паспорти, у ҳақда умумий тушунчалар тақдим этувчи олий қомус ҳисобланади. Қарабсизки, Тошкентга эркин келишни Конституциямиз ҳам тақиқлайдими?

Прописканинг иқтисод, ижтимоий кайфият, тиббиёт, технологик ривожимиз ва генофондга қанчалар зиён қилиши ҳисоблаб чиқилмаган, аммо унга, таажжубки, хавфсизлик ва барқарорликнинг кафолати сифатида қарайдиганлар ҳам топилади. Энг камида, шундай фикр билдирганлардан бири - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлади.

Нега барча Тошкентда доимий пропискага эга бўлишни истайди? Мен бу саволга қисқа ва лўнда жавоб беришни истардим: узлуксиз электр энергия, табиий газ, обрў ва даромадли иш, олийгоҳда таҳсил олиш, сифатли давлат хизматлари, қадр-қиммат, эркинликлар ва маданий ҳордиқ. Айрим «олтинбошлар»​ эса мана шу шароитни излаб, хорижга кетишга мажбур бўлган, бўляпти, бўлиши яна давом этади, деб қўрқаман.
Алишер Рўзиохунов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Прописка ҳақида ҳақиқатлар

Жамият янгиликлари