12:50 / 11.12.2018
8 282

Андижонда ҳосил байрамида кўпкари ғолибларига “Кобалт” ва “Спарк” берилди (видео)

Андижонда ҳосил байрамида кўпкари ғолибларига “Кобалт” ва “Спарк” берилди (видео)
Улуғнор туманида 9 декабрь куни ўтказилган ҳосил байрами доирасида миллий спорт тури – кўпкари бўйича вилоят ҳокими соврини учун мусобақа ташкил этилди. Мусобақада Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан, Фарғона, Наманган, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларидан, шунингдек, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикасидан келган етти юзга яқин чавандоз иштирок этди.

“Улоқ-кўпкари Марказий Осиё халқларининг қадимий қадрияти, урф-одатларидан биридир, – дейди Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан келган 101 ёшли улоқчи Қарибек Сулаймонов. – Улоқ кўнгилочар томоша ёки шунчаки ўйин бўлмасдан йигитларнинг жасур, эпчил, довюрак бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутади. Аждодларим чавандоз ўтган. Мен ҳам умримнинг тенг ярмини от миниб, улоқ-кўпкариларда ўтказдим. Полвонлик фарзандларимга ҳам ўтган. Бугунги мусобақа ҳақида эшитиб, улар билан бирга келдим. Майдондаги чавандозларни кўриб, ўз ёшлигимга қайтгандай бўлдим. Тўғриси, шу ёшда ҳам улоқ чопиш истаги туғилмоқда”.

“Андижон шаҳридан шу ергача салкам 90 км масофани босиб ўтдик, – дейди байрамда иштирок этган россиялик тадбиркор Максим Гимадетдинов. – Қишнинг қировли кунларида ҳам юз минглаб одам қатнашадиган бундай гўзал халқ анъанасига биринчи бор гувоҳ бўлишим. Мусобақани мириқиб томоша қилдим”.

“Дам олиш куни эканига, шунингдек, ҳавонинг совуқ бўлишига қарамай дўстлар билан улоқ кўриш учун келдик, – дейди Дилшодбек Аҳмедов. – Кўпкарини томоша қилиб чарчоқларимиз чиқди”.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, қизғин ва муросасиз кечган мусобақада бўтақоралик Сулаймон полвон Мамасолиев (Андижон вилояти) бош соврин – “Кобалт” автомашинаси эгаси бўлди. “Спарк” автомашинаси эса сузоқлик Абдухалил полвон Сариқов (Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти)га насиб этган. Мусобақада яхши қатнашган чавандозлар шаҳар ва туман ҳокимлари, турли ташкилотларнинг совринлари билан тақдирланган.

Улоқ-кўпкари мусобақасида асакалик моҳир чавандозлар Хурсандбек, Хайрулло, Орифжон Дилмурод, Одилжон, Неъматилло полвонлар жамоа бўлиб иштирок этиб, йирик совринларни қўлга киритдилар.

Жамоа сардори, Асака туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, Асака шаҳар ҳокими Хурсандбек Йўлдошевнинг айтишича, унинг аждодлари ҳам полвонлар сулоласидан. У бешинчи авлод вакили ҳисобланади.

“Ҳар ким чавандоз бўлолмагани каби дуч келган от ҳам улоққа ярамайди, – дейди Хурсандбек полвон. – Махсус тайёргарлик кўрилади. Туғилганда қулун, сўнгра той ва ниҳоят асов тулпор айни шу даврда улоққа кириши мумкин. Энг бақувватлари тўртсон деб юритилади. Яъни, бундай отнинг олд оёқлари ҳам орқа оёқлари каби бақувват бўлади. Бизда қорабайир, жайдари отлар парваришланади. Махсус тайёргарликдан ўтган асов турпақ (улоққа қўйилган бузоқ тўши)ни ердан даст кўтарган полвонга мадад бериб, ўлжани эгар қошига ортида кўмаклашади. 60 килограммли турпақни бир қўллаб илиб олишнинг ўзи бўлмайди”.

Ҳосил байрами доирасида фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан ташкил этилган озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазма ва савдоси ташкил этилди.

Оқ олтин қишлоғи ҳудудидаги 18 гектар майдонда бўлиб ўтган байрам тадбирларида 70 мингдан ортиқ киши иштирок этди, дея хабар бермоқда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижонда ҳосил байрамида кўпкари ғолибларига “Кобалт” ва “Спарк” берилди (видео)