09:13 / 16.12.2018
4 165

Юнусободдаги автобус саройида икки автобус ёниб кетди

Юнусободдаги автобус саройида икки автобус ёниб кетди
15 декабрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 8-автобус саройида ёнғин чиқди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати хабарида айтилишича, «Тошавтотаъмирхизмат» УК ишлаб чиқариш кузов таъмирлаш бўлимида пайвандлаш ишлари олиб бориш жараёнида, хавфсизлик техникаси қоидалари бузилиши оқибатида ёнғин содир бўлган.

Шу куни соат 13:32 да Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг Куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси 7-уйда жойлашган 8-сонли автобус саройида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Кўрсатилган манзилга соат 13:33да Тошкент шаҳар гарнизонидан олтита асосий ва иккита махсус ёнғин ўчириш экипажлари йўналтирилган. Воқеа жойига ёнғин ўчириш автомобиллари соат 13:41да етиб борган вақтда автосарой автомобилларининг кузов қисмини таъмирлаш боксининг ички қисми очиқ аланга билан ёнаётгани ва у ердан қора тутун чиқаётгани аниқланган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 14:01да қуршаб олинган, соат 14:08да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида автомобилларнинг кузов қисмини таъмирлаш боксининг 50 квадрат метр майдонда ички ва том қисми, битта MAN ва битта Mercedes-Benz автобусларининг салон ва кузов қисми ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар йўқ.

«Ёнғиндан автомобилларнинг кузов қисмини таъмирлаш боксининг 800 квадрат метр майдони ҳамда таъмирлаш боксида бўлган Isuzu юк автомобили ва Damas автомобили сақлаб қолинган», — дейилади Ўзбекистон ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси ахборотида.

Ёнғиннинг тахминий сабаби — Mercedes-Benz автобусига техник хизмат кўрсатиш учун пайвандлаш ишларини олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши деб кўрсатилган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани «Ёнғин хавфсизлиги бўлими» суриштирув ишларини олиб бормоқда, «Тошшаҳархизмат» АЖ масъул ходимлари томонидан ҳам ишчи гуруҳ тузилган ва текширув ишлари олиб борилмоқда, унинг якунларига кўра етказилган моддий зарар миқдори ҳам аниқланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юнусободдаги автобус саройида икки автобус ёниб кетди