10:43 / 23.12.2018
4 119

Бош вазир: “Аёлга тамға қўйиш осон, лекин олдин дўппини қўйиб ўйлаш керак...”

Бош вазир: “Аёлга тамға қўйиш осон, лекин олдин дўппини қўйиб ўйлаш керак...”
Республика Хотин-қизлар қўмитасининг сарҳисоб конференциясида маълум қилинишича, маҳаллалар кесимида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойиллиги бўлган 62 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг аниқ рўйхатлари шакллантирилиб, уларга мураббийлар бириктирилган. Олиб борилган профилактик ишлар натижасида республика бўйича хотин-қизлар жиноятчилиги 2016 йилда - 5 фоизга, 2017 йилда 11 фоизга камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоизга камайишига эришилган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, турли диний экстремистик оқимлар аъзолари бўлган аёлларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида олиб борилган ишлар натижасида 3 000 нафардан зиёд аёллар махсус рўйхатдан чиқарилган.

Бундан ташқари, 2018 йилда 113 нафар жиноят ва 780 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизлар кафиллик асосида жазодан озод этилган. 9 437 та нотинч оила билан профилактик ишлар олиб борилиб, 72 фоизида нотинчлик бартараф этилган. Бироқ, Хотин-қизлар қўмиталари томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар ҳали етарли натижа бермаётгани таъкидланди.

Таъкидланишича, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 16 фоизини - фирибгарлик, 14 фоизини - иқтисодий жиноятлар ва 11,4 фоизини ўғирлик жиноятлари ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бу масалага муносабат билдирар экан, шундай деди:

“Айрим раҳбарлар аёллар масалаларига оид муаммони ҳал этиш фақат Хотин-қизлар қўмитасининг вазифаси, деб ҳисоблашади. Очиғини айтсак, бу калтабинлик. Аслини олганда, жамиятдаги хотин-қизлар муаммосини ҳал этиш - ҳар бир раҳбарнинг вазифаси. Ҳар хил бемаъни гаплар гапирилади - “аёллар ёмон йўлга кирибди“ деб, аёл яхши ҳаётдан кирмайди бу йўлга. Ҳар бир аёл орзу-ҳавасли бўлади, “бола-чақамни боқаман“ дейди, кўп нарсалар ноиложликдан келиб чиқади. Аёлнинг ишлаш учун бошқа давлатга кетгани бизнинг бу ерда шароит қилиб бермаганимиздан“.

Бош вазир бу йўналишда демографик, гендер масалалар, ҳар бир ҳудуднинг ўзидан келиб чиқадиган муаммолардан келиб чиқиб, режалаштириш ишларини амалга ошириш кераклигини қайд этди.

“Тамға қўйиш осон, лекин ундан олдин дўппини қўйиб ўйлаш керак. Бандлик вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда жойлардаги демографик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ишсизлар даражасини ўрганиб, таклиф бериши керак. Сизлар шундай дастур ташаббуси билан чиқишингиз керак ва бунда, албатта, хотин-қизлар қўмитаси таклифларини олишингиз керак. Президентимизнинг талаблари ҳам шу - маҳаллий аҳоли учун муносиб иш ўринларини ташкил этиш. Шунинг учун Ҳукумат таркибидаги фаолиятим даврида аҳоли ва биринчи навбатда, аёлларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш борасида биргаликда иш олиб боришга ваъда бераман“, - дея қўшимча қилди Абдулла Арипов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош вазир: “Аёлга тамға қўйиш осон, лекин олдин дўппини қўйиб ўйлаш керак...”