11:28 / 08.01.2019
5 649

Тўйларимиз ҳақида: «Рашки йўқ инсонда яхшилик йўқдир!»

Тўйларимиз ҳақида: «Рашки йўқ инсонда яхшилик йўқдир!»
«Ғаюрлиги – рашки йўқ кимсада ҳеч бир яхшилик бўлмайди»
Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳи

Сўнги вақтларда интернет тармоқларида келин-куёвнинг бир гуруҳ йигитлар орасида, ношаръий кийимларни кийган ҳолатда вальс тушган видеоси кенг тарқалиб кетди. Мусулмонлар учун шармандали бўлган бундай ҳолатни кўриб, йигитга ҳам, қизга ҳам, уларга тарбия берган оиласига ҳам ачинасан киши. Энг ёмони эса тўйхонада уларнинг рақсларини томоша қилиб, келинга шаҳват билан термулаётган ширакайф куёвжўралар, тўйхонада қарсак чалиб турган қизлар ва ёши катта аёлларнинг борлигидир. Бундай тўйларни оддий ҳолатдай қабул қила бошлаган жамиятимиз эса биз мусулмонларнинг фожиасидир.

Тўйхоналарда очиқ-сочиқ кийиниб, номаҳрамлар орасида бемалол юрган муслима аёллар, эътибор беринг, Роббимиз Ўз Каломида бизга нима дейди: “Сен мўминаларга айт: “Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлганлар бўлса (майли) (“Нур” сураси, 31-оят). Бугун сизлар Аллоҳнинг буйруқларини бир четга суриб қўйиб, ўз эрларингиз учун ҳам эмас, кўчадаги бегоналар учун зийнатланмоқдасиз.

Тўйларда бемалол ичиб, кайф-сафо қилишдан қайтмайдиган, аёл-қизларга суқланиб боқишдан ўзини тиёлмайдиган мусулмон эркаклар, билиб қўйинг, Роббимиз бизга нима деган: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (“Моида” сураси, 90-оят). Шунингдек Аллоҳ таоло “Нур” сурасида “Сен мўминларга айт: “Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар”, дея номаҳрамларга назар солишдан қайтармоқда.

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг амрлари сизга ўйинчоқ бўлдими? Ахир шармандаларча қилаётган тўй базмингиздан бироз аввал, ана шу Роббимизнинг буйруғи ила пок никоҳ аҳдини боғладингиз-ку, Қуръон оятларини тиловат қилиб, Аллоҳдан янги оилага бахт-саодат сўрадингиз… Энди шу оилани Аллоҳ ҳаром қилган, катта гуноҳлар билан бошламоқчимисиз?

Аллоҳ таолонинг нафсингизга ёққан, осон туюлган буйруқларини қабул қиласиз-у, шайтон сизга зийнатлаб қўйган фаҳш ва ҳаромлардан қайтмайсизми? Никоҳ аҳдини боғлайсиз, вафот қилса жаноза намозини ўқитасиз, туғилганида азон айтиб, исм қўясиз, лекин авратингни беркитиб юргин, намоз ўқи, ароқ ичмагин деса, судхўрлик ва зино қилмагин деса рад қиласизми? Мусулмонлар шундай бўладими? Йўқ асло, ундай бўлмайди. Аллоҳ ва унинг Расулидан очиқ-ойдин буйруқ келганида мўмин-мусулмонлар фақатгина “Эшитдик ва итоат этдик” дейдилар. Аллоҳнинг бир буйруғини олиб, бошқасини қўйиб қўймайдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир” (“Бақара” сураси, 208-оят). Тушуняпсизми, Исломга тўлиғича киринг, демоқда Роббимиз.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч тоифа одамлар ҳеч қачон жаннатга кирмайдилар: даъюслар, эркакшода аёллар, хамр (маст қилувчи нарса)га муккасидан кетганлар” (Табароний ривояти).

Тасаввур қиляпсизми, сиз бундай шармандали базм ва тўйларда шафоатгўйимиз, доимо рост сўзловчи суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида келган, жаннатга кирмайдиган учала тоифани ҳам бир ерга жамлаб қўйдингиз. Тўйхонада ўтирган, аёл-қизларини очиқ-сочиқ юришига индамай, қувониб ўтирганлар даъюслар ҳам шу ерда, тўйхонанинг ярмидан кўпини эгаллаган маст-аласт эркаклар, ҳаттоки ичувчи аёллар ҳам шу ерда. Ҳадиси шарифда келган учинчи тоифа ўзини эркакларга ўхшатувчи, сочларини эркаклардек кесиб олган, давраларда ҳаё ва ибони бир четга суриб қўйиб эркакшодалик қилаётган, тинмай рақсга тушаётган аёллар эса нафақат тўй-базмларимизда, балки ҳамма жойда кўпайиб кетди. Бундан ташқари, бундай тўй базмлар яна қанчадан-қанча гуноҳларга сабаб бўлмоқда: фарз намозлар ташлаб қўйилмоқда, вақт, маҳсулотлар ва пуллар беҳуда исроф бўлмоқда, мўминлар бир-бирини ғийбат қилмоқда, иймонларга дарз кетмоқда… Эҳҳҳ, наузибиллаҳ.

Тўйларни кўрсам, бир неча йил аввал ўқиганим, бир воқеа эсимга келаверади. Бир мусулмон йигит уйланиш арафасида тақводор дўстини ҳам тўйга айтибди. Лекин дўсти тўйга келмабди. Тўй эса жуда дабдабали тарзда, қиммат ресторанда, эркак ва аёллар аралаш, катта санъаткорлар иштирокида ўтибди. Шаҳарда роса овоза бўлибди. Тўйдан бир неча ҳафта ўтгач, куёв боланинг тақводор дўсти меҳмонга келибди. Дўстлар бироз суҳбатлашиб, чой ичиб ўтиришгач, меҳмон: “Дўстим, энди хотинингни чиройли кийинтириб олиб чиқ, биз ҳам бир кўриб, танишиб қўяйлик!”, дебди. Куёв боланинг ранглари ўзгариб, жаҳли чиқиб: “Нима деябсан, эсинг жойидами, нимага мен сенга хотинимни олиб чиқиб кўрсатаман. Ҳатто расмини ҳам кўрмайсан”, дебди. Шунда дўсти айтибди: “Тўйинг куни келин билан энг чиройли кийимларни кийиб, мастлар ва бегоналарнинг олдига ҳам чиқдинг-ку, мен эса энг яқин дўстингман. Тўйинг куни очиқ-сочиқ кийимларда, ётоқхоналарда расмга тушиб тайёрлаган “Love story”ни ҳаммага қўйиб бердинг-ку, нега менга ҳатто расмини ҳам кўрсатмайсан? Нега шунча одамдан қизғанмасдан, мендан рашк қиляпсан?”, дебди. Ор-номусли, ҳамиятли мусулмон учун бундан ортиқ тарсаки ва тарбия бўлмаса керак, менимча.

Рашксиз, фаҳшни хуш кўрувчи бундай инсонлардан жамият ҳам ҳеч қандай фойда кўрмайди. Зино ва фаҳш ишлар қанчадан-қанча цивилизация ва шаҳарларни йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлди. Ҳозирги Ғарб давлатлари, АҚШ ва Россияда ҳам айнан фаҳш ва зинонинг кенг тарқалиши оқибатида, сўнгги йилларда аҳоли сони кескин камайиб кетмоқда, олимлари демографик муаммоларни қандай ечишни билмай бошлари қотган.

Мен сизларни бу тўй-базмлар урф-одатимизга, маънавиятимизга тўғри келмайди ёки қонунларда исрофгарчилик билан тўй қилиш мумкин эмас, дея қайтармоқчи эмасман. Чунки бундай гуноҳ ишлардан қайтиш иймон талабидир. Бу ишлар Аллоҳ ва унинг Расули белгилаб берган қатъий чегараларни бузадиган, катта гуноҳ ва ўзимизга зулм бўлган ишлардир. Мен Аллоҳ учун ўзимни ва сизларни бундай гуноҳларни қилишдан қайтараман. Чунки, Роббимиз Ҳақ таоло “Тавба” сурасида шундай марҳамат қилади: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилурлар” (71-оят). Биз мўминлар шундай бўлишимиз керак, қўлларимиздан келганича яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарайлик. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам айтганлар-ку: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир”.

Мўмин ва мўмина биродарларим тавба қилайлик, бундай ишлардан қайтайлик ва қайтарайлик. Аллоҳ меҳрибон, раҳмдил ва тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир.

Қўл остимиздагиларни қўлимиз билан қайтариб, дўзах ўтидан асраб қолайлик, жамиятимизга ҳеч бўлмаса насиҳат қилиб, эслатма бериб, тилимиз билан гуноҳлардан қайтарайлик. Энг заиф иймон эгалари қаторига тушиб қолишдан эса, Аллоҳ асрасин!
Фаррух АБСАТТАРОВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўйларимиз ҳақида: «Рашки йўқ инсонда яхшилик йўқдир!»