15:34 / 12.01.2019
3 290

Юлий Юсупов: Нима учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жорий этилмоқда?

Юлий Юсупов: Нима учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жорий этилмоқда?
1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилади.

Хусусийлаштирилган ер участкалари Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ давлат томонидан муҳофаза қилинади. Бу нима учун муҳим?

1. Ҳар қандай иқтисодий фаолиятнинг муҳим шарти – мулкдор ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши эканлиги аллақачон умумэътироф этилган.

Кимдир хонадонини ҳашаматли қилиб таъмирлаш, ер участкасида ўғли учун уй қуриш ёки янги ер участкаси сотиб олишга қарор қилди дейлик. У биринчи навбатда қуйидагиларни ўйлайди: қурган уйим бузилмасмикин, еримни олиб қўйишмасмикин (келинг, ҳамма нарсани ўз номи билан атайлик)? Агарда вазият мавҳум бўлса, бузилиш ёки олиб қўйилиш хавфи бўлса, у яшаш шароитини яхшилаш учун пули ва меҳнатини сарфламайди.

Бизнес учун эса мавҳумлик муаммоси янада долзарб ҳисобланади. Бунда гап анча катта маблағ ва юзлаб, минглаб кишилар тақдири ҳақида боради. Ер олдингиз, завод (кафе, магазин, омборхона ва бошқалар) қурдингиз, одамларни ишга ёллаб, хўжалик фаолиятини бошладингиз. Ва бирдан ерингизни (қолган мулклар билан биргаликда) олиб қўйишди: янги қурилиш бўлади, кимдир мулкингизга кўз олайтирди, рақобатчилар сиздан қутулиш йўлини топишди (кераксизини ўчириб ташланг).

Агарда мулкдорлик ҳуқуқи ҳимояланмаган бўлса, иқтисодиётимизга инвестиция киритишни истайдиганлар кўп бўладими? Тўғри: жудаям кам бўлади! Шу боис (ва бошқа сабаблар билан) бизда инвесторлар жуда кам. Натижа эса аниқ: рақобатбардош ишлаб чиқариш кам, иш ўринлари кам, маошлар паст.

Дунёда энг қиммат ер Токиодаги кўчалардан бирида жойлашган. табиийки, кўча осмонўпар бинолар билан тўла: ернинг ҳар бир сантиметри қиммат туради. Ва мана шу супер ҳашаматли ва замонавий иншоотлар орасида кичкинагина икки қаватли уй жойлашган. Жудаям кичкина, хунук, шаҳар дизайнини бузувчи уй. Бадбашараликми? Эстетика нуқтаи назаридан жавоб берадиган бўлсак, ҳа. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан эса улкан ютуқ: мулкдор ҳуқуқи ҳимояланганлигининг белгиси! Бўлиб ҳам, қоғозда эмас, амалда. Мана шу уй қурилган ер кимгадир тегишли. Ва унинг эгаси осмонўпар иморат қуришни ҳам, ерини сотишни ҳам хоҳламайди. Хоҳламайди, тамом-вассалом. Ва ҳеч ким унга қарши ҳеч нима қила олмайди!

Мулкдор ҳуқуқининг ҳимояланганлиги бой давлатларни қашшоқ давлатлардан ажратиб турувчи асосий ҳолатлардан биридир (биз улкан табиат ресурслари, биринчи навбатда нефть ҳисобига бойиб кетган давлатларни назарда тутмаяпмиз). Муқаддас ва дахлсиз бўлган мулкни ҳимоя қилишни ўрганмас эканмиз, одамларни бойишга ундайдиган омилларни ярата олмаймиз. Зеро бой давлатларни кимдир келиб бойитиб кетмаган, балки бу давлатларнинг аҳолиси ўзларини-ўзлари бой қилган. Бунинг учун эса аҳолида туртки ва эришган бойлиги ишончли равишда ҳимояланганлиги ҳақида тушунча бўлиши лозим.

Мана, нима учун ерни хусусийлаштириш шунчалик муҳим.

2. Ерга эгалик ҳуқуқи кредит олишни енгиллаштириш учун ҳам керак. Кредит оддий одамларга ҳам (истеъмол кредити) ва тадбиркорларга ҳам (ишлаб чиқариш учун кредит) ўз келажагига инвестиция киритиш имконини беради. Аммо фоиз ставкалари жуда юқори. Гаров мавжуд бўлиши (хусусий мулк бўлган ер) эса банкларга кредит қайтарилмаслиги хавфини пасайтиради, ўз навбатида, фоиз ставкаларини пасайтириш имконини беради.

3. Яхши биламизки, ер аллақачон олди-сотди объектига айланган. Аммо кўпинча бу савдо яширинча, ноқонуний амалга оширилади. Энди эса барчасини қонун асосида очиқ ва шаффоф амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Бу эса хуфёна иқтисодиётдан чекиниш ва коррупцияга қарши курашда катта қадам бўлади.

Эътибор беринг, кейинги вақтда ҳокимлар кўпроқ қайси иши учун қамалмоқда? Ер тақсимлашда пора олгани учун. Ўз-ўзидан тушунарлики, шаҳар маркази ва унинг четида жойлашган участкалар турлича қийматга эга ва бу уларнинг қийматида акс этмасдан қолмайди. Бу уйларнинг нархида, ер участкаси олиш учун бериладиган пора миқдорида акс этади. Аммо нима учун нархдаги тафовут қурилиш компаниялари ва порахўр амалдорлар қўлида бўлиши керак? Энди бу тафовутни ер участкаларининг аукционларда сотилиши эвазига бюджетга йўналтириш имконияти пайдо бўлади.

Тўғри, ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар борасида ҳозирча ҳаммаси ҳам тушунарли эмас. Айтилишича, маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига тушади. Нима учун маҳаллий ва миллий бюджетга эмас, Жамғармага тушади? Биз ахир бюджет ислоҳоти доирасида бюджетдан ташқари фондлардан воз кечяпмиз-ку. Аммо шу билан бирга янгиларини ташкил қиляпмиз... Бу эса ўнг қўл нима қилаётганини чап қўл билмаяпти дегани.

Майли, хусусийлаштиришдан келадиган маблағларни қаерга йўналтиришни ҳал қилармиз. Ҳозирча бунга вақт бор. Асосийси, мулкдор ҳуқуқи ҳимояси учун ҳақиқий (декларатив эмас) шароит яратилмоқда. Ривожланган ва бой давлат қуришни истасак, бу жудаям муҳимдир.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юлий Юсупов: Нима учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жорий этилмоқда?