Тошкентда мактаб ўқувчилари қариндошининг 24 минг доллар пулини ўғирлашди (видео)

  • 12 январь 2019, 23:38
  • 1 358
  • Жамият
  • Тошкентда мактаб ўқувчилари қариндошининг 24 минг доллар пулини ўғирлашди (видео)
    Бу ҳақдаги лавҳани Sevimli телеканалининг Zamon кўрсатуви тайёрлади. Олмазор туманида жойлашган 261-сонли умумтаълим мактабининг икки нафар 11-синф ўқувчиси Тошкент меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежининг 2-босқичида таҳсил олувчи дўсти билан катта миқдордаги пулларни ўғирлаб, кўнгилхушликка сарфлаб юборишган.

    Жиноятни содир этишга келишган ёшлар, улардан бирининг яқин қариндоши бўлган аёлнинг уйига ўғирликка тушишган. Ўқувчилар жабрланувчининг уйига кириб, аёл уй олиш учун тўплаган 22 минг АҚШ доллари ва 15 миллион сўм миқдоридаги пулларини ўғирлашган.

    Улар ўғирланган пулларни шаҳарнинг машҳур ресторанларига бориш, iPhone 6 русумли 3 та телефон сотиб олишга ва савдо-кўнгилочар марказидан кийим харид қилишга сарфлашган.
    Қайд этиш жоизки, ўқувчиларнинг бири ўғирланган пулларга отасига ВАЗ 2111 русумли автомобиль ва зотдор ит сотиб олган.

    Пул тугагандан сўнг улар навбатдаги ўғирликни содир этишга келишишган. Ўқувчилар қўшнисининг уйига кириб, ноутбук, техника буюмларини ва қимматбаҳо атирларини ўғирлашган.
    Қайд этиш жоиз, айбланувчиларнинг бирининг отаси ўғлининг қилмишини кўтаролмай, суд йиғилишидан кейин вафот этган.

    Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича судьяси Муса Юсупов айбланувчиларнинг ёшини, аввал судланмаганлигини ва зарар қопланганлигини ҳисобга олиб, уларни озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазодан озод қилган.


    Манба: uznews.uz

    » » Тошкентда мактаб ўқувчилари қариндошининг 24 минг доллар пулини ўғирлашди (видео)