
Kun.uz нашри Туркиядан Ўзбекистонга йўл олган, 2018 йилнинг 17 декабрида Эрон билан чегарадаги Курбулоқ божхона постида тўхтаб қолган туркиялик ҳайдовчилар масаласи бўйича Ўзбекистон Давлат транспорт агентлиги билан боғланди.
Давлат транспорт агентлиги вакилларининг сўзларига кўра, айни пайтда божхона чегара постида рухсатнома кутиб турган ҳайдовчиларга тегишли рухсатномалар жўнатилган.
Агентлик хорижий давлатларда юк ташиш учун рухсатнома бланкалари ҳайдовчиларга 3-4 кун ичида етиб бориши тўғрисида хабар берди. Узоқ муддат кутиб қолишига асосий сабаб сифатида кўп сонли ҳайдовчиларнинг бир вақтда йўлга чиққани келтирилди. Маълум қилинишича, бундай катта ҳажмли транзит қатнови учун агентлик томонидан рухсатнома бланкаларига буюртма берилиши, уларнинг тайёр бўлиши учун вақт зарур бўлади.
Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати бу масала ўрганиб чиқилишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Курбулоқ чегара шаҳарчаси божхонаси ва унинг автотураргоҳида мингта юк ташувчи машина ўтиш рухсатномасини кутиб турибди. Транзит юк машиналари Ўзбекистон орқали Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга йўл олишни мўлжаллаган.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар