09:06 / 26.01.2019
5 857

Голливуддаги таниқли продюсернинг қаллиғи Тошкент аэропортида ушланди

Голливуддаги таниқли продюсернинг қаллиғи Тошкент аэропортида ушланди
Қатор нашрлар хабарига кўра, Тошкент халқаро аэропортида 23 январь куни Лондондан учиб келган асли ўзбекистонлик топ-модел Надя Непомнящая қўлга олинган.

У 5 соат ушлаб турилгач қўйиб юборилган. Унга чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ушланиб қолингани ва жиноят иши очилганини айтишган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 29 ёшли Непомнящая Тошкентга қаллиғи - кинопродюсер Майкл Грэйси билан учиб борган. У паспортида виза варақлари тўлиб кетгани сабабли уни хорижий паспортга алмаштириш учун Ўзбекистонга келгани айтилади.

Kun.uz ушбу маълумотга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова билан боғланди.
«2019 йил 23 январь куни фуқаро Н.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, 2019 йилнинг 23 январь куни «Лондон-Тошкент» йўналишидаги авиарейс билан учиб келган йўловчилар чегара назоратидан ўтказиш жараёнида, шу рейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1989 йил 16 июнда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турувчи Н.Н.га тегишли бўлган фуқаролик паспортида дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун рухсатнома ёзуви “стикери”ни расмийлаштирмасдан, қонунга хилоф равишда, белгиланган тартибни бузиб, 2018 йил 9 августда Россия Федерацияси орқали Англия давлатига борганлиги аниқланган.

Ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», - деди Сурайё Раҳмонова.
Маълумот учун: асли тошкентлик 29 ёшли Надя Непомнящая тўрт йилдан буён Лондонда яшаб келади. Унгача тўрт йил АҚШда моделлик қилган.
Қатор ОАВдаги хабарларга кўра, у сўнгги бор Ўзбекистонда тўрт йил аввал бўлган.

«Чиқиш визаси муддати тугаганидан кейин учинчи давлатга чиққани учун унга жиноят иши очишяпти. У Москвада яшайдиган онасини кўргани тез-тез бориб турар эди», - деган унинг дугонаси.

Унинг қаллиғи австралиялик Майкл Грейсининг “Буюк шоумен” фильми учта номинация – энг яхши комедия ва мюзикл, энг яхши эркак актёри ва энг яхши саундтрек бўйича 2018 йилги “Олтин глобус” мукофотига тақдим этилган эди.

Чиқиш визаси бўлмаган ёки муддати ўтган чиқиш визаси билан юрган ўзбекистонлик фуқаро Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра, жиноий жавобгарликка тортилиб, минимал иш ҳақининг тўрт юз баробаригача жарима ва 3 йилгача қамоқ жазосини олиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Голливуддаги таниқли продюсернинг қаллиғи Тошкент аэропортида ушланди