Тошкентда талаба ЙПХ инспекторига қўпол муносабатда бўлди (видео)

  • 29 январь 2019, 17:50
  • 2 830
  • Жамият
  • Тошкентда талаба ЙПХ инспекторига қўпол муносабатда бўлди (видео)
    Ўзбекистонда интернет тармоғи фойдаланувчилари бир неча кун олдин пайдо бўлган видеоёзувни муҳокама қилишмоқда. Ушбу видеода ёш йигитнинг ЙПХ инспекторига нисбатан қўполлик қилаётгани акс этган.

    Тошкент ИИББ маълум қилишича, воқеа 25 январь куни соат чамаси 14.00 ларда Шайҳонтохур туманидаги Алишер Навоий кўчасининг Тошкент кимё-технология институти ёнида рўй берган.
    ЙПХ инспектори томонидан “Матиз” ва “Кобальт” русумли автомобиллар ҳайдовчилари тўхтаб туриш қоидаларини бузганлиги қайд этилган.

    “Кобальт” машинасини транспорт воситалари тўхташ тақиқланган йўл белгиси қўйилган жойда тўхтатган мазкур институтнинг 4-босқич талабаси 25 ёшли Сардоршайх Ю., ЙПХ инспекторига ўз хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилган. Инспектор қўлидан рация, “Матиз” машинаси ҳайдовчисига нисбатан тузилган маъмурий баённома ва унга қарашли ҳайдовчилик гувоҳномасини тортиб олган.

    Сардоршайх Ю. инспекторга ҳақорат сўзлар айтиб, уни жанжаллашишга ундаган ва буларнинг барчасини телефонида видеога олган. Воқеа жойига етиб келган Миллий гвардия ва ИИББ ходимлари Сардоршайх Ю.ни ички ишлар таянч пунктига олиб кетган. Тўпланган маълумотлар Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига юборилган.

    Ҳозирда ёш йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

    » » Тошкентда талаба ЙПХ инспекторига қўпол муносабатда бўлди (видео)