date
views 3 899

Шавкат Мирзиёев Беларусга жавоб ташрифи билан боради

Шавкат Мирзиёев Беларусга жавоб ташрифи билан боради
2019 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Беларусь Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида ўтган йилдаги икки томонлама муносабатларнинг якунлари ҳамда 2019 йилда уларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, Беларусь президенти Александр Лукашенконинг 2018 йил 12-14 сентябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи ва унинг президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитган ҳолда уни янги даражага олиб чиқди.

Ташриф доирасида қиймати 259,2 млн АҚШ долларига тенг 94 та икки томонлама савдо шартномаси ва 54 млн доллардан ортиқ суммадаги 19 та инвестицион ҳужжатлар имзоланди. Ўтган йил давомида мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 130%га ўсган ҳолда 419,9 млн долларни ташкил қилди.

Шу нуқтаи назардан томонларнинг олий даражада эришилган келишувларни ва ташриф доирасида имзоланган битимларни сўзсиз бажариш борасидаги таклифлари кўриб чиқилган.

Учрашувда Ўзбекистон раҳбарининг жавоб ташрифи тўғрисида фикр алмашилди. Шунингдек, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, Ишбилармонлик ва минтақалараро ҳамкорлик қўшма форуми, туристик форумни ўтказиш жадваллари ва кун тартиблари кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

Суҳбат давомида томонларни қизиқтирган бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Беларусга жавоб ташрифи билан боради