18:09 / 07.02.2019
5 575

Прокурор Кенжаев иши бўйича воқеалар аниқ акс эттирилган видеони судга тақдим этди

Прокурор Кенжаев иши бўйича воқеалар аниқ акс эттирилган видеони судга тақдим этди
7 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида марҳум Жамшид Кенжаев юзасидан давом этаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Судда Жамшид Кенжаев ва унинг шерикларини зиёфатдан сўнг «Aurum-898» тунги клубга машинада элтиб қўйган гувоҳ Санжар Турсунов сўроқ қилинди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда. Судья гувоҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиргандан сўнг, Турсунов судда кўрсатма берди.

Унинг айтишича, марҳум Кенжаев, Шоҳруҳ Турсунов, Улуғбек Ҳайитбоев ва бошқалар аввал Тошкент шаҳридаги China Town номли масканда туғилган кунни нишонлаган.

«У жойда 8-9 киши стол атрофида ўтирганди. Зиёфат тахминан соат 23.40га қадар давом этди. Кейин дам олиш жойини ўзгартириб, «Aurum-898» тунги клубига бориш таклиф этилди. Мен Спарк машинани бошқариб, бошқаларни клубга элтиб қўйдим. Машина калитини ўзига топшириб, такси тўхтатиб уйга қайтмоқчи бўлганимда, ур-тўполон бошланди. Бир зумдан кейин атрофга қарасам, акам Шоҳруҳ​ Турсунов ерда қонга беланиб ётибди. Уни дарҳол ердан олиб, шифохонага кетдик», — дейди гувоҳ.

Судья терговда берган кўрсатмасида Жамшид Кенжаев маст бўлгани учун машина бошқарувини ўзи олгани ҳақидаги Санжар Турсуновнинг гапларини эслатди. Гувоҳ эса бундай бўлмагани, China Town'даги зиёфатда ҳақиқатан спиртли ичимлик столда бўлгани, аммо ким истеъмол қилганини билмаслигини айтди.

«Кимдан «Aurum-898» клубига бориш таклифи чиққанини ҳам билмайман. Шунчаки дам олмоқчи бўлишганди. Мен уларни элтиб қўйиб, кетмоқчи бўлганимда эса бақир-чақир авжига чиқди. Атрофга қараб, асл вазиятни англолмай қолдим. Кимлардир бошқаларни қувиб кетишди, яна кимлардир тўс-тўполон қилди. Шу орада акамнинг ерда қонга беланиб ётганини кўрдим. У орқасидан икки марта яраланганди. Қўрқиб кетдим. Уни дарҳол шифохонага олиб кетдим. Бошқаларнинг олдига яқинлашиб бўлмади. Қўлида турли қуроллари бўлган кишилар ерда ётган одамнинг олдига яқинлаштирмади, ҳаммани уриб кетишди», — дейди гувоҳ.

Прокурор суд мажлисида илтимоснома киритиб, иш бўйича воқеалар аниқ ва сифатли акс эттирилган видеолавҳани тақдим этиб, уни томоша қилишни таклиф этди. Судья прокурорнинг илтимосини қаноатлантириб, барча гувоҳлар сўров қилингандан сўнг, видео кўриб чиқилишини билдирди. Томонлар бунга қарши эмас.

Суд мажлиси 14 февраль куни соат 11.00 да ўз ишини давом эттиради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Прокурор Кенжаев иши бўйича воқеалар аниқ акс эттирилган видеони судга тақдим этди