19:35 / 04.03.2019
4 961

Самарқанд вилояти бош архитектори ишдан олинди

Самарқанд вилояти бош архитектори ишдан олинди
Самарқанд вилояти архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бош архитектори Норқул Саидович Содиқов ишдан олинган.
Kun.uz нашри маълум қилишича, у ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Қайд этиш керакки, Норқул Содиқов Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси ҳисобланади.

Кейинги вақтларда Самарқанд вилоятида қурилиш соҳасида қатор муаммолар кузатилмоқда. Хусусан, вилоятнинг собиқ бош ҳокими Туробжон Жўраев ўтган йилнинг ёзида қурилиш компанияларидан катта миқдорда пора олишда гумон қилиниб қўлга олинганди. Унинг қўлга олиниши ортидан вилоятдаги 28та қурилиш компанияси раҳбарлари ҳам ушланди.

Жорий йилнинг февралида Самарқандда йирик тадбиркор Умар Ражабов ва унинг ўғли Руслан Ражабов қамоққа олинди. Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан «Afrosiyob Xosiyat Begim Makoni» МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси, 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Кейинроқ Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳокимликдаги қурилиш ишлари билан боғлиқ йиғилиш ўтказиб, соҳа «коррупцияга ботгани» ҳақида гапирди.

«Қурилишдаги пинҳона келишувлар, ҳужжатлардаги сохталиклар, тендер танловлари ёпиқлиги соҳадаги қонун бузилишлари ҳамда коррупцияга йўл очган. Айниқса, қадимий шаҳардаги айрим тарихий мерос объектларига зарар етган. Бу ҳолат UNESCO маъмуриятининг эътирозига сабаб бўлган», — деганди вилоят ҳокими.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқанд вилояти бош архитектори ишдан олинди