00:13 / 05.03.2019
7 679

«Тергов адолатли бўлмади». Кенжаевнинг беваси суддан адолатли ҳукм чиқаришни сўради

«Тергов адолатли бўлмади». Кенжаевнинг беваси суддан адолатли ҳукм чиқаришни сўради
Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. Навбатдаги суд мажлисида жабрланувчи, марҳумнинг беваси Алися Мирзамуродова кўрсатма берди.

«Ўша кунги туғилган кунга бориши ҳақида анча олдин, тахминан бир ҳафта олдинроқ огоҳлантирган эди. Воқеа бўлган куни уй ишлари билан машғул эдим. Кечга яқин кийимларини тайёрлаб беришимни сўради. Дўстлари йиғилиб қолишганди.

Одатда уйда йўқлигида ҳол-аҳволини билиш учун ҳар соатда телефон қилиб тураман. Охирги марта гаплашганимизда кечки 11:37 эди. Ўшанда менга жуда илиқ гаплар айтди. Менга ва қизимизга бўлган муҳаббатини айтди. Маълум вақт ўтгандан сўнг, дўсти Шоҳрух телефон қилиб у шифохонадалигини айтди. Тезда шифохонага етиб бордик. Эрталаб соат 5:00 атрофида қон ва бошқа дориларни олиб келишимизни сўрашди. Уни реанимацияда кўрганимда бизни тарк этаётганини тушундим. Унинг танаси кўкариб кетганди. Шифокорлардан сўрасам, қон босими жуда пасайиб кетганини айтишди. Кўп ўтмай у вафот этди.

Ҳурматли суд ҳайъати, мен ҳали ҳам бундай даҳшатни қабул қила олмаяпман. Мендан энг яқин кишимни, суюкли инсонимни тортиб олишди. У менинг бутун борлиғим эди. У жуда меҳрибон ва қувноқ эди. Доим бошқаларга ғамхўрлик қиларди. Ватанини жуда севарди. Шунинг учун, у спортчиликни танлаганди. Оғир жароҳат туфайли мусобақаларда қатнашмай қўйганди, лекин машғулотларни тўхтатмади.

Видеонинг фақат бошини кўролдим. Янгиликларни ўқиганимда «махлуқларча ўлдирилди», дейилганди. Уни кўпчилик бўлиб ҳар тарафдан уришган. Бу одамларда озгина бўлса ҳам раҳм-шафқат йўқ экан. Шу ҳолида қолдириб ўлишини кутишган. Ҳурматли суд аъзолари, мен прокуратура ва тергов органлари томонидан адолатли тергов ўтказилганини кўрмадим. Қотиллар эримни шафқатсизларча уришган. Энг алам қиладигани, эрим ёлғиз ҳолда қолиб ўлиб кетган.

Мен ҳозир руҳан тирик эмасман. Мавжуд эмасман. Улар учун оддий одамдир, биз учун шунчаки бир одам эмасди. Бизга ҳозир жуда оғир. Шунинг учун, ҳурматли суд, сиздан адолатли ва холис ҳукм чиқаришингизни илтимос қиламан.

Спортчи бўлгани туфайли алкогол истеъмол қилганини кўрмаганман. Ёнида совуқ қурол олиб юрганига ҳам гувоҳ бўлмаганман.
Видеода шапалоқ урган дейишяпти, эрим бекордан-бекорга бундай иш қиладиган одам эмасди», дейди марҳумнинг беваси.

Суд ҳайъатига иштирокчиларнинг таклифлари сўралди. Айбланувчилардан Саидазим Камолдиновнинг адвокати Акмал Алимқулов судга «Chinatown» ресторанидаги воқеа ёзиб олинган видеоёзувларни тақдим этди ва ишга қўшиб қўйишни сўради. Адвокатнинг илтимоси қаноатлантирилди.

Суд мажлиси сўнгида раислик қилувчи суд экспертизаси хулосаларини ўқиб эшиттирди.

Суд мажлиси 6 март, чоршанба куни соат 11:00да давом эттирилиши белгиланди. Келгуси мажлисда «Chinatown» ресторанидаги воқеалар видеоси кўриб чиқилиши маълум қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Тергов адолатли бўлмади». Кенжаевнинг беваси суддан адолатли ҳукм чиқаришни сўради