Райҳон Уласенова «Зирапча» реалити шоуси, режали ҳаёти ва фарзандлари ҳақида (фото)

  • 11 март 2019, 10:02
  • 3 615
  • Жамият
  • Райҳон Уласенова «Зирапча» реалити шоуси, режали ҳаёти ва фарзандлари ҳақида (фото)
    Фото: Ғайрат Убайдуллаев
    «Дарё» нашри кино ва театр актрисаси, таниқли телебошловчи Райҳон Уласенова билан суҳбат уюштирди. Қуйида Сизнинг эътиборингизга ушбу интервьюни тўлиғича ҳавола қиламиз.

    - «Севимли» телеканалида намойиш этилаётган «Зирапча» реалити шоуси кўплаб юртдошларимизда катта қизиғиш уйғотгани шубҳасиз. Қандай омиллар сабаб ушбу лойиҳа директорига айландингиз?
    - «Зирапча» телелойиҳаси устида иш олиб борилаётганида «Ойдин ҳаёт»дан ажралмай, ҳар иккисида ҳам фаолият юритаётгандим. Лойиҳа раҳбарияти розилигини олгач, сўнг «Зирапча»да ишлашни бошладим. Аввалига кўп иккиланишлар бўлди. Негаки, елкамда жуда катта масъулият бор эди. Иштирокчиларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор, рағбат ва меҳр кўрсатишда қийналмасмиканман, дея оила аъзоларим, яқинларим ва устозларим билан маслаҳатлашган ҳолда лойиҳага астойдил енг шимариб киришдим. Қизлар қаторида ўзимни ҳам синовдан ўтказяпман (кулади). Қўлимдан келганича топширилган вазифани уддалашга интиляпман. Биз «Зирапча» орқали нафақат ўн икки нафар қизни, балки экран орқали томоша қилаётган кўплаб сингилларимизнинг ҳам ҳаётида ижобий томонга бурилишга ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз. Ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган изоҳларга кўз югуртирганимда «Опа, бу лойиҳани томоша қилиб, ўзимизга ойна тутгандек бўлдик. Биз хато иш қилаётган эканмиз. Ҳатто ўз жонига қасд қилиш даражасига етиб келгандик. Бу нотўғри иш ва гуноҳлигини тушуниб етдик», деган фикрларни ҳам ўқияпман. Бу эса ижодий жамоанинг мақсади озми-кўпми ўз мевасини бераётганидан нишонадир.

    - «Ойдин ҳаёт»ни ҳам айнан шу лойиҳа сабаб тарк этдингизми?
    - Асосий сабаб қилиб, «Зирапча»ни кўрсата олмайман. Мен ва бошловчиликдаги ҳамроҳим Рихситилла Абдуллаевни тонгда, тўғридан-тўғри эфирга таклиф қилишди. Аммо биз, тиғиз иш тартибимиз туфайли тонгда тасвирга олиш ишларига келолмаслигимизни айтдик. Шундан сўнг, ўрнимизга бошқа бошловчиларни танлашди. Ҳаттоки, яқингача бошловчилик қилган бу кўрсатувга ўзим меҳмон сифатида бориб келдим ва шундан сўнг кўрсатувдан бўшаш вақти келганини тушуниб етдим. Бугун бу лойиҳани яхши бошловчилар олиб бораяпти. Табиатан жуда рашкчи инсонлигим боис кўрсатувни улардан қизғандим ҳам (кулади). Аммо севимли жамоам билан ҳали хайрлашганим йўқ.

    Фото: Ғайрат Убайдуллаев

    - Иштирокчилар қандай шарт ва талаблар асосида танлаб олинди?
    - Ҳаёт йўлларида турли вазиятларга дуч келган, ўзи ва атрофидагиларга нисбатан ишончини йўқотган, оиласида оғир муҳитни кўриб, ҳаётдан кўнгли қолган, аёллик латофати, нафосатини йўқотган, юрагида алами – зирапчаси бўлган қизларни танлаб олганмиз. Психологларимиз лойиҳада иштирок этишни истаган икки мингдан зиёд қизларнинг анкеталарини ўрганиб чиқишди ва улар орасидан психологик тренинг юкламаларидан ўтганларини саралаб олдик. Кўп юртдошларимиз «Зирапча»даги қизларни актриса деб ўйлашларидан ҳам хабардормиз. Лекин бундай эмас. Иштирокчилар ҳақиқатдан ўзгаришга муҳтож нозик ҳилқат вакилларидир. Улар билан шартномалар имзоланиб, қасамёд ҳам қабул қилинган.

    - Қизларнинг қай бирини ўзингизнинг ёшлигингизга ўхшатдингиз?
    - Саодатни илк кўрганимдаёқ, ўзига «Менинг ёшлигимга ўхшайсиз» деганман. Ўхшаш жиҳатларимиз кўп.

    - 1-мавсум қатнашчиларидан айримлари лойиҳа тўғрисида турли фикрлар билдириб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларни келтириб чиқаришди. Улар реалити шоуда рол ўйнаб берганликлари, қирқ кун давомидаги вақтлари зое кетганлигини очиқ-ойдин таъкидлашди. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?
    - Тўғрисини айтсам, бундан бехабарман. Сиз назарда тутган қизларимиз ўзгаришга ҳаракат қилишмаган бўлса, демак улар шунчаки рол ўйнаб бериш билан кифояланишибди холос. Ўзгармоқчи бўлган ва буни истаган қатнашчилар албатта, ўзгарди ва яхши натижаларга эришиб, охирги финалгача етиб келишди. Буни ҳамма кўриб, билиб турибди.

    Фото: Ғайрат Убайдуллаев

    - Салкам 20 йилдан буён «Илҳом» театрида фаолият юритасиз. Бироқ халқимиз сизни телебошловчи ва актриса сифатида яхши танийди. Назаримда, ибратхона сиз учун иккинчи даражалидек...
    - Балки театримизда барча саҳна асарлари рус тилида қўйилганлиги ва томошабинлар ҳам русийзабон бўлганлиги боис бу даргоҳни кўпчилик билмаса керак. Аммо ўзига яраша мухлислари бор ва ҳар бир спектаклда зал тўлади. Тўғри, мени театр актрисаси эканлигимни аксарият ўзбек томошабинлари билишмайди. Бироқ улар ҳам иккинчи уйимга ташриф буюришса, Райҳон Уласеновани ўзлари учун қайта кашф қилишлари шубҳасиз (кулади). Бу гапни бекорга айтганим йўқ. Бир сафар маҳоратли кинорежиссёр Ҳилол Насимовни театримизга спектакл кўргани таклиф қилсам, улар томоша тугагач, «Очиғи, сизни бу даражада катта ампуладаги актриса, дея сира ўйламагандим. Спектаклни кўриб эса қирраларингиз кўплигини билдим ва ўзим учун қайтадан кашф этдим», деганди. Ўшанда ижодий маҳоратимни мунтазам чархлаб турувчи театрнинг актёри эканлигимдан яна бир бор фахрланганман.

    - «Алданган аёл» фильмигача ўнлаб кино ва сериалларда турли жанрдаги ролларни талқин қилган бўлсангиз-да, бироқ Моҳира роли орқали халққа янада танилдингиз. Унгача актриса сифатида омадингиз чопмаганини режиссёрларнинг хатоси деб биласизми ёки роль танлашдаги тактикангизга боғлиқми?
    - Менга илк машҳурликни айнан бирор ролим эмас, балки «Олтин тож» кўрсатуви олиб келган. Шу туфайли кўп ижодкорлар мени бошловчи сифатида танишган. Вақт ўтиб, актрисалик маҳоратим режиссёрлар назарига тушгач, киноларга таклиф эта бошлашди. Лекин оилавий шароит, сценарий маъқул келмаганлиги ёки съёмка жараёнларининг оиламдан узоқ жойларда ойлаб давом этишига яқинларим рози бўлмаганлиги учун ўнлаб сценарийларга рад жавобини беришимга тўғри келган. Аммо орадан йиллар ўтгач, «Алданган аёл» фильми актриса сифатида тан олинишимга сабаб бўлди ва бу менинг ташриф қоғозимга айланди, десам сира янглишмайман.

    Фото: Ғайрат Убайдуллаев

    - Мазкур фильмнинг суратга олиш пайтида партнёрингиз Ҳилол Насимов сизни дўппослагани қанчалик ҳақиқат?
    - Буни инкор этолмайман. Ўша кадрда менинг ортимда турган рус миллатига мансуб қиз оёғимдан тойдириб, тиз чўкдириши керак эди. Кейин Ҳилол аканинг дўппослайдиган саҳнаси бор. Ўшанда Ҳилол ака билан тортишув саҳнасида у қиз бизнинг жанжалимизга ҳайрон бўлиб, туртиш ҳаракатини унутиб қўяди. Яна бу вазифа Ҳилол аканинг зиммасига тушади (кулади). Биласизми, ўша калтак зарбидан эсанкираб, ерга йиқилганман.

    - Оналик ва бекалик вазифалари, театр, кино, телевидение, тўйлар... Барчасига улгуришга қандай вақт топасиз?
    - Болалигимиздан дадам режа асосида иш қилишга одатлантирганлар. «Сизлар мол-мулк, пулни эмас, вақтни қадрланглар. Барча нарса топилиши мумкин, аммо вақт топилмайди», дея кўп такрорларди. Шу фикрлар ҳалигача биз фарзандлар қулоғида жаранглаб туради. Биласиз, укам Жаҳонгир, сингилларим Ойхон ва Зулайҳо ҳам ижоддан ташқари, оиласига етарлича вақт ажратиб, фарзандларини айлантиришга улгуради. Бир-биримизникига меҳмонга боришга ҳам вақт топамиз. Демак буларнинг барчаси асосида режа турибди. Агар ҳар бир инсон чин дилдан истаса, кўп нарсанинг уддасидан чиқиши мумкин. Фақат бунинг учун пухта ишланган кун тартиби бўлиши керак. Одатда вақт ўтиб кетяпти, деб кўп айтамиз. Аслида эса вақт эмас, умримиз ўтиб бормоқда.

    Фото: Ғайрат Убайдуллаев

    - Бугун актёр ёки хонандаларнинг телеканалларда бошловчи сифатида намоён бўлаётганига қандай қарайсиз?
    - Бизнинг соҳа бўйича махсус билимга эга бўлмай туриб, бошловчилик қилаётганларга бироз эътирозим бор. Масалан, фильмлар съёмкасида шифокор ролини ўйнашимиз мумкин. Лекин ҳаётда жарроҳлик столи олдига бориб, беморларга тиғ тутолмаймиз ёки укол қилолмаймиз. Чунки бизнинг тиббиёт соҳасида етарлича билим ва уқувимиз йўқ. Шундай экан, бошловчиликка қизиқиши борлар йиллаб олий даргоҳда ўқимаса-да, қисқа муддатли курсларда устозлар сабоғини олишларини ва бошловчиликка уқув билан ёндашишларини истардим.

    - Фарзандларингизнинг санъатга қизиқиши қандай?
    - Кичкинтойим Марямни тайёр актриса десам бўлаверади (кулади). Рақс тўгарагига қатнагани боис турли ҳаракатлари билан барчамизни қойил қолдиради. Катта қизим Моҳинур жуда оғир-босиқ ва мулойим. Мусиқа мактабида скрипка ва фортепиано бўйича дарс машғулотларига қатнайди. Вокалга ҳам қизиқиши кучли. Ўғлимни «Илҳом»нинг қошидаги маҳорат дарсларига олиб борганимда, устозлари унда маҳорат кучлилиги, аммо санъатга нисбатан иштиёқи йўқлигини таъкидлашган. Азизбек театрдаги спектаклларда бир йилга яқин вақт давомида роллар ўйнади. Лекин охири бизнес соҳасидан кетишни мақсад қилиб, бу борадаги билимларини мустаҳкамламоқда. Математика, инглиз тили ва спортга қизиқади.

    - Суҳбат учун ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!
    Миролим Исажонов суҳбатлашди

    » » Райҳон Уласенова «Зирапча» реалити шоуси, режали ҳаёти ва фарзандлари ҳақида (фото)