22:03 / 11.03.2019
4 945

Энди вилоятларда ҳам муз саройлари қурилади

Энди вилоятларда ҳам муз саройлари қурилади
ЎзЭОАВМА Медиа холлида «Humo Arena» муз саройининг очилишига бағишланган медиа-ивент бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзЭОАВМА матбуот хизмати .

Медиа-ивент доирасида журналистларнинг саволларига Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон хоккей федерацияси вице-президенти Баҳодир Ғофуров, «Humo Arena» муз саройи тантанали очилиши маросими ташкилотчиси Мадина Турсунова, «Humo Arena» муз саройи мажмуаси қурилиши дирекцияси раҳбари Рустам Ҳайдаров, “Enter Engineering pte ltd.” компанияси ижрочи директори Шоҳруҳмирзо Сатторов каби расмийлар жавоб беришди.

Спикерлар иштирокчиларга муз саройининг аҳамияти ва технологик имкониятлари, унинг оммавий ва профессионал спорт турларини ривожлантиришдаги ўрни ҳамда “Humo Arena” муз саройи мажмуасининг тантанали очилиши билан боғлиқ айрим жиҳатлари ҳақида гапириб беришди.

Қайд этиш керак, 15 мартга белгиланган мажмуанинг очилиш маросимига 6 минг киши таклиф этилган. Улар учун ўзида спорт ва санъатни мужассамлаштирган жуда қизиқарли ва томошабоп дастурлар тайёрланган. Замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда тайёрланган 3D меппинг ва анимациялар ҳам томошабинларни хурсанд қилиши шубҳасиз.

Тадбирларда миллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этади. Тантанали очилиш маросимини ёритиш учун Марказий Осиё, Россия ва Европа давлатларидан 200 га яқин журналист таклиф этилган.

Таъкидлаш жоиз, «Humo Arena» кўп тармоқли муз саройининг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббусига кўра ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йирик иншоот барпо этиш, Ўзбекистонда спортнинг қишки ва бошқа турларини ривожлантириш, спортни ва соғлом турмуш тарзини оммавийлаштириш мақсадида бунёд этилган.

Мажмуа қурилиши 2017 йил февраль ойида бошланган. Шиша ва металлдан ишланган мажмуа ўзида замонавий хай-тек услубини мужассамлаштирган. Мажмуа қурилишида “ақлли” ва энергия тежовчи яшил технологиялардан кенг фойдаланилган. Янги муз саройи ўзида замонавий меъморчилик ечимлари, илғор технологиялар ҳамда миллий меъморчилик санъати анъаналарини мужассам этган.

Лойиҳа муаллифлари мазкур мажмуани яратишда ўзбек халқида севги, бахт ва ҳурлик рамзи бўлган Ҳумо қуши образига мурожаат этган бўлиб, мажмуа ҳудудидаги сайр йўлакчалари кўриниши ушбу афсонавий қушнинг қанотларига ўхшатиб барпо этилган.

Мажмуа 9 гектарлик ҳудудда жойлашган бўлиб, қуйидаги объектларни ўз ичига олган:

• кўп тармоқли муз аренаси (12 500 ўринли);
• кичик машқ аренаси (200 ўринли);
• спорт музейи, машқ заллари, фитнес-марказ, ресторан, спорт дўконлари;
• автомобиллар учун 5-қаватли тўхташ жойи.

Асосий ва кичик учиш ареналарининг ўлчамлари Олимпия стандартларига мос бўлиб (60×30 м), уларни КХЛ ва МХЛ стандартларига (60х28, 60х26) ҳам айлантириш мумкин.

Асосий арена 12 500 кишига мўлжалланган бўлиб, ундан хоккей учрашувларини ўтказиш учун фойдаланилади. Залда ўриндиқларни жойлашувини ўзгартириш имконияти мавжуд бўлиб, ўтказиладиган спорт тадбирига мос тарзда жойлаштирилади. Асосий аренада шунингдек, баскетбол, волейбол, гандбол, футзал учрашувларини, бокс, таэкондо, шорт-трек, фигурали учиш ва кёрлинг мусобақалари ҳамда концертларни ҳам ўтказиш мумкин. Аренага концерт зали ҳолатида 10 000 томошабин жойлашиши мумкин.

Кичик аренанинг сиғими 200 кишилик бўлиб, у хоккей учун машқ аренаси вазифасини бажаради, шунингдек хоҳловчилар учун оммавий учишлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Мажмуа ҳудудида спорт музейидан ташқари, машқ ва фитнес заллари, ёпиқ болалар майдончаси, умумий овқатланиш нуқталари, спорт буюмлари дўконлари ва бошқа объектлар фаолият кўрсатади.

Унинг ҳузурида шунингдек, спорт жамоалари ва спорт кийимлари ва буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди вилоятларда ҳам муз саройлари қурилади