19:04 / 11.03.2019
4 222

Америкалик талабалар Ўзбекистонга келди (фото)

Америкалик талабалар Ўзбекистонга келди (фото)
АҚШдаги Америка университетининг бир гуруҳ талабалари “Alternative break” дастури бўйича Ўзбекистонга келди.

Делегация аъзолари ташриф давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида кўнгилли ёшлар маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзбекистонлик кўнгилли ёшлар ва олий таълим муассасалари талабалари билан ўзаро очиқ мулоқот қилди.

- “Муқобил таътиллар” дастури доирасида ўзбек халқининг тарихи, урф-одати ва миллий таомлари, юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат, шунингдек, Ўзбекистон ёшлари билан таълим соҳасида ўзаро фикр алмашиш мақсадида ташриф буюрган хорижлик талабалар кўнгиллилар фаолиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалари билан ўртоқлашмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Муниса Нурматова.

Хорижлик талабалар АҚШдаги кўнгилли жамоалар тажрибаси ва амалиёти ҳақида ўзбекистонлик кўнгилли ёшлар билан тажриба алмашди. Америка университетининг “Муқобил таътиллар” дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда “Ёшларнинг дипломатия ва халқаро муносабатлардаги ўрни” мавзуига бағишланган конференция ўтказилиши режалаштирилди.

- “Муқобил таътиллар” дастури 1993 йилда АҚШ университетлари тизимига киритилган бўлиб, дастур Америка ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги ёшлар билан танишув, маълумот алмашинуви мақсадида олий таълим муассасалари билан фаолият олиб бормоқда, – дейди Amanda Martinez. - Америка университетининг олдинги дастурлари Жанубий Африка Республикаси, Гаити, Исроил, Кения, Молдавия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларида амалга оширилган. Бу йилги ўқув йилида Танзания, Вьетнам, Ўзбекистон, Куба, Гаити, Шимолий Ирландия, шунингдек, Техас ва Янги Орлеан штатларига саёҳатлар уюштириляпти. Дастур харажатлари Америка университетининг кўмаги билан талабалар томонидан қопланади.

Делегация суҳбатда ўз фаолияти бўйича маълумот бериб, АҚШдаги ихтиёрий амалиёт хусусида сўз юритди. Кўнгиллиларнинг жамият равнақига қўшаётган ҳиссаси, ушбу мақомнинг афзаллик жиҳатлари билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар юритилди.

Ўзбекистонда кўнгиллилик маданиятини ривожлантириш имкониятлари ва уни тарғиб қилишнинг қўшимча усуллари ўзаро муҳокама қилинди.

- Мен туркий халқлар миллий урф-одатлари ва анъаналарига жуда қизиқаман. Кўнгилли сифатида йиллар давомида Туркия, Хитой каби бир қатор давлатларда фаолият олиб бордим. Бу вақт ичида чет тилларини ўргандим, – дейди америкалик талаба Петер Тер. - Фаолиятим давомида моддий манфаатдан кўра тажриба оширишга кўпроқ эътибор қаратдим. Бугун эса бирин-кетин мақсадларимга эришяпман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Америкалик талабалар Ўзбекистонга келди (фото)