«Бек Тўпи» бозорининг собиқ раҳбари ҳибсхонада вафот этди

  • 02 апрель 2019, 14:01
  • 1 220
  • Жамият
  • «Бек Тўпи» бозорининг собиқ раҳбари ҳибсхонада вафот этди
    Қатор нашрларда 30 март куни Тошкентда «Пиёз иши» доирасида судланаётган бозорқўмлардан бири — «Бек Тўпи» бозори собиқ раҳбари 57 яшар Шукриллахон Эргашев тергов изоляторида вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

    «Kun.uz» ушбу маълумотга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова билан боғланган.

    Унинг билдиришича, 2019 йил 30 март куни соат тахминан 12:20ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 06.02.2019 йилдан бошлаб ҳибсхонанинг Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимида «Юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония-2, АГ-2, қандли диабет касаллиги 2-даражаси» ташхиси билан даволанаётган маҳбус Ш.Э. (Шукриллахон Эргашев - таҳ.) «Ўткир миокард инфаркт, ўткир юрак қон томир ва ўпка етишмовчилиги» ташхиси билан вафот этган.

    «Маҳбус Э.Ш.нинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат бўйича Тошкент прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дея хабар қилди С.Раҳмонова.

    Унинг сўзларига кўра, Эргашев тергов давомида даволанишда бўлган. Унга нисбатан экспертиза тайинланган, у уни терговга жалб қилиш имкони ҳақида хулоса берган, эҳтиёт чорасини ўзгартиришга қонуний асослар бўлмаган — тахминан 4 млрд сўм миқдоридаги зарар қопланмаган.

    Шунингдек, қайд этилишича, Шукриллахон Эргашевнинг адвокатлар ва яқинлари билан учрашишига кенг имконият яратиб берилган.

    «Унинг ўзи касал бўлган, лекин тергов ва суд органларига қариндошлари ёки ўзидан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёхуд етказилган зиённи қоплаш тўғрисида илтимоснома келиб тушмаган», — деган маҳкама матбуот хизмати раҳбари.

    » » «Бек Тўпи» бозорининг собиқ раҳбари ҳибсхонада вафот этди