19:20 / 05.04.2019
3 928

Шаҳноза Мирзиёева: Ногиронлиги бўлган болаларга биргаликда қанот бағишлайлик!

Шаҳноза Мирзиёева: Ногиронлиги бўлган болаларга биргаликда қанот бағишлайлик!
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
4 апрель куни Нукус шаҳрида «Имкон» номли Ўзбекистондаги биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур муассаса жисмоний турли нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратади.

Тантанали очилиш маросимида лойиҳа бош координатори, Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, лойиҳа координатори Шаҳноза Мирзиёева сўзга чиқиб, ушбу лойиҳа аҳамияти ва Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан қаратилаётган эътибор хусусида гапирди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Шаҳноза Мирзиёева ўз нутқи аввалида Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси аъзоларига миннатдорчилик билдирди:

«Келинг, 2016 йилда бўлиб ўтган паралимпия ўйинларини ёдга оламиз. Спортчиларимизнинг ушбу олимпиададаги иштироки Ўзбекистон тарихидаги энг муваффақиятли бўлган эди. Улар бизнинг терма жамоамизга 77 та медаль туҳфа этганди.

«Бу спорт қаҳрамонлари туфайли биз Ватанимиз билан, бизнинг паралимпия терма жамоамиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бугун эса мана шу боғчанинг очилиш маросимида сизни меҳмон сифатида қарши олиш биз учун катта шараф. Раҳмат катта!»

«Халқ саломатлиги— мамлакат келажаги»

«Яқинда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган байрамда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ‘Халқ мақолида шундай дейилади: Халқ саломатлиги— мамлакат келажаги’. Асосийси жамиятда тинчликни ва инсонларнинг саломатлигини таъминлаш, қолган барча муаммоларни ҳал қилса бўлади, деб айтди. Ушбу масаланинг муҳимлигини англаган ҳолда Ўзбекистон Президенти ногиронлиги бўлган инсонларга, уларни ҳимоя қилиш, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда», — дейди Шаҳноза Мирзиёева.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Имкон» маркази — МДҲда ягона

Шаҳноза Мирзиёева ушбу марказ нафақат Ўзбекистонда, балки яқин хорижий мамлакатларда ҳам муқобили йўқ лойиҳа эканлигини таъкидлади:
«Болалар ногиронлиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 16 августида ‘Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаъги ПҚ-3909-сонли қарор имзоланди.

Мана бугун, орадан 7 ой ўтиб биз бу ажойиб кун —‘Имкон’ марказимизнинг очилишини байрам тариқасида нишонлаш имконига эга бўлдик.

Ушбу лойиҳа нодир бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки яқин хорижий мамлакатларда ҳам унинг муқобили мавжуд эмас. Унинг нодирлиги шундаки, марказ нафақат реабилитация, балки таълим беришга мўлжалланган. Ногиронлиги бўлган болаларга кичик ёшдан реабилитация хизматини кўрсатиш учун биз ушбу мактабгача таълим муассасасига болаларни икки ёшдан қабул қилишни йўлга қўйдик. Зарур стимуляцияга ёналтирилган ёрдам дастурини имкон қадар тезроқ бошлаш жуда муҳим».

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
«Нега айнан Нукус?»

Ушбу саволга Шаҳноза Мирзиёева қуйидагича жавоб берди:
«Кўпчилик биздан биринчи реабилитацион марказга эга мактабгача таълим муассасасини қуриш учун нега айнан Нукус, умуман олганда Оролбўйи минтақасини танлаганимиз ҳақида сўрайди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, туғилганидан бери ногиронлиги бўлган болалар сони 17,5 фоизга ортгани қайд этилган. Биз Орол инқирозидан жабр кўрган ҳудуд аҳолисига ёрдам кўрсатишимиз керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг БМТ бош ассамблеясида сўзлаган нутқида ҳам гап кетган эди».

«Ушбу лойиҳага ҳар биримиз қалбимизнинг бир бўлагини бағишладик»

Лойиҳа координатори Шаҳноза Мирзиёева уни амалиётга татбиқ этишга ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларга миннатдорчилик изҳор этди:
«Давлат раҳбари ҳар доим ногиронлиги бўлган инсонларнинг жамият томонидан қўллаб-қувватланиши, уларнинг камситилиши билан курашишнинг муҳимлиги ҳақида гапиради. Президент мамлакатнинг ҳар бир фуқароси тенг ҳуқуқли бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор беради. Айнан Президентнинг ташаббуси, қўллаб-қувватлаши билан ушбу нодир лойиҳани амалиётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлдик. Мамнуният билан қайд этиш керакки, Президентнинг қўллаб-қувватловига хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар хайрихоҳ бўлди. Улар лойиҳанинг муваффақияти учун қўлларидан келган барча имкониятни ишга солди.

Бугун, биз ушбу лойиҳага ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларга миннатдорчилик билдирмоқчимиз.

Мен лойиҳани яратган, қурган, керакли жиҳозлар билан таъминлаган, дастурлар ёзган, ўқитган, видео сюжетларни тасвирга олган логистика ва ташкиллаштириш билан шуғулланган, умуман олганда бефарқ бўлмаган инсонларнинг катта гуруҳига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Кўпчилигингиз бир неча тунларни бедор ўтказдингиз, лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши учун шу ерда яшадингиз. Ишонч билан айта оламанки, ҳар биримиз мана шу лойиҳага қалбининг кичик бўлагини туҳфа этди».

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
«Илк ижобий натижа— болалар юзидаги табассум»

Шаҳноза Мирзиёева уч ҳафта аввал иш бошлаҳан марказ фаолиятидаги илк ижобий натижалар кўзга ташланганидан миннатдор эканлигини билдирди:
«Биз уч ҳафта олдин марказимиз болаларга ўз эшигини очган кундан ҳозирга қадар ижобий натижаларни кўришдан мамнунмиз. Болалар табассуми, ота-оналар кўзидаги умид ва эртанги кунга бўлган ўсиб бораётган ишонч. Бундай болаларнинг келажаги ҳар биримизга боғлиқ. Келинг ҳар бир ногиронлиги бўлган инсонга машаққатларни енгиб ўтишга биргаликда ёрдамлашайлик ва уларга қанотларни ҳадя этайлик!»

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шаҳноза Мирзиёева: Ногиронлиги бўлган болаларга биргаликда қанот бағишлайлик!