date
views 3 513

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига алоқадор петиция эълон қилинди

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига алоқадор петиция эълон қилинди
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида петиция эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан мурожаатларни кўриб чиқиш муддати келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ёки текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.

“Жуда кўп ҳолларда мурожаатларга жавоблар, қандай таснифда бўлишидан қатъий назар, “максимал” - 15 ёки 30 кунга чўзилиб кетяпти. Масалан, Навоий шаҳар ҳокимлигига арзонлаштирилган уй олиш учун рўйхатга олишларини сўраб йўллаган мурожаатимга роппа-роса 30 кунда жавоб хати олдим. Жавоб хати “арзонлаштирилган уйларга рўйхатга олиш тўхтатилди” деган қисқа мазмунда бўлиб, менимча, бу мурожаатга 30 кунда эмас, 1 ёки 2 кун ичида жавоб хати ёзиш мумкин”, - дейди мурожаат муаллифи.

Шу сабабли, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоб бериш муддатларини айрим мурожаатлар учун 3-5 кун қилиб белгилаш таклиф этилган.

“Масалан, жисмонан 20 дақиқа вақт ичида ҳал қилинадиган жавоблар, компьютер маълумотлар базасидан олинадиган жавоблар, ваколатга тааллуқли бўлмаган масалаларга бу ҳақида хабардор қилиш учун бериладиган жавоблар ва маълумотномалар шулар жумласидандир”, - дейилади петицияда.

Билдирилишича, бунинг учун “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига алоқадор петиция эълон қилинди