21:47 / 20.04.2019
6 472

Биринчи хонимларнинг ижтимоий ва маданий муассасаларга ташрифидан лавҳалар (фото, видео)

Биринчи хонимларнинг ижтимоий ва маданий муассасаларга ташрифидан лавҳалар (фото, видео)
Зироат Мирзиёева ва Ким Чжон Сук 19 апрель куни қатор ижтимоий ва маданий муассасалар билан танишдилар.

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Корея Республикаси Президентининг рафиқаси Ким Чжон Сук Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида Тошкентдаги Яккасарой тумани 369-сон мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Олий мартабали меҳмонлар тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ҳар бир боланинг ижодий ва интеллектуал ривожланиши учун ишлаб чиқилган машғулотларни кузатди ва унда иштирок этди.




Зироат Мирзиёева ва Ким Чжон Сук Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ҳам бўлиб, халқ амалий санъат кўргазмасини кўздан кечиришди. Кўргазмада ўзбек халқ амалий санъатининг энг гўзал дурдоналари — ёғоч ўймакорлиги, бадиий кулолчилик, мисгарлик, заргарлик, зардўзлик ва каштачилик намуналари намойишга қўйилган. Кореялик олий мартабали меҳмонга ҳар бир ҳудуд мактабига хос бўлган, қўл меҳнати билан яратилган сўзаналар, ипак гиламлар жуда манзур бўлди. Атлас ва адрас тўқиш жараёнига алоҳида қизиқиш билдирди. Шунингдек, миллий либослар намойиши, келин салом маросими меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.




Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси биринчи хонимлари Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги “Ариран” қариялар уйида ҳам бўлди. Корейс миллатига мансуб кекса авлод вакиллари истиқомат қиладиган пансионатдаги қулайликлар билан танишиб, нуронийлар билан суҳбат қуришди. Ёши улуғ инсонларнинг “Корея биз учун тарихий ватан бўлса, Ўзбекистон - ҳаёт берган макон, биз ундан қарздормиз”, деб айтган сўзларини тинглаган Ким Чжон Сук ўзбек халқининг бағрикенглиги ва корейс миллатига мансуб фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Биринчи хонимлар номидан "Ариран" пансионатига янги автобус совға қилинди.






Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Биринчи хонимларнинг ижтимоий ва маданий муассасаларга ташрифидан лавҳалар (фото, видео)