18:38 / 08.05.2019
3 874

Қайси мамлакат фуқаролари энг кўп «грин-карта» ютиб олади?

Қайси мамлакат фуқаролари энг кўп «грин-карта» ютиб олади?
7 май куни миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар ўз бахтини синаб кўрадиган, халқ орасида «Green Card» номи билан танилган АҚШнинг Турли миллат вакилларига виза дастурининг 2019 йилги жавоблари чиқди. Жавобларни махсус кодни киритиш орқали махсус сайтдан текшириб кўриш мумкин.

1990 йилдан бери ҳар йили тасодифий танланган 50 минг чет элликка АҚШда яшаш учун рухсатнома бериб келинади. Бу лотереянинг расмий номи «Турли миллат вакилларига виза» дастури бўлиб, халқ орасида «грин-карта» сифатида танилган. Америка орзусини рўёбга чиқариш истагида бўлган юз миллионлаб кишилар лотерея орқали ўз бахтини синаб кўради.

Green Card’нинг мақсади АҚШга кам кўчиб келувчи аҳолига бошқалар (иммиграция кўрсаткичи юқори мамлакат фуқаролари) каби тенг имкониятлар яратишдир. Дастур АҚШ Давлат департаменти, Фуқаролик ва Иммиграция хизматлари (Citizenship and Immigration Services) ҳамда Америка иммиграция ташкилотлари билан ҳамкорликда йилда бир марта ўтказилади.

Бу йилги DV-2020 дастури, бошқача ном билан айтганда, Green Card учун ҳам 50 мингта виза ажратилган. Ғолибларни компьютер тасодифий танлайди. Бериладиган визалар мамлакат ва минтақа бўйича чекланган. Ҳеч қайси мамлакатга умумий «грин-карта»нинг 7 фоизидан (3,5 минг) ортиғи берилмайди. Европа ва Африка мамлакатларига энг кўп квота ажратилган.

Дастурда иммиграция кўрсаткичи юқори давлатлар (Бангладеш, Бразилия, Канада, Мексика, Хитой, Колумбия, Доминикан Республикаси, Эквадор, Сальвадор, Гватемала, Гаити, Ҳиндистон, Ямайка, Покистон, Перу, Филиппин, Буюк Британия, Жанубий Корея, Вьетнам, Ҳонгконг, Макао ва Тайван)дан ташқари исталган мамлакат фуқаролари қатнашиш имкониятига эга.

Green Card Lottery’нинг 2018 йилги статистикасига кўра, энг кўп лотерея соҳиблари (4199та) Эрон Ислом Республикаси фуқароларидир. 2-ўринни Миср (4185та) эгаллаган. Кучли учликни Украина (4025та) якунлаган. Рўйхатда 4-ўрин Эфиопия (3856та), 5-ўрин Россия (3641та), 6-ўрин Непал (3633та), 7-ўринни эса Ўзбекистон (3461та) банд этган. Бу борада Ўзбекистон Ўрта Осиё давлатлари орасида етакчидир. Қўшни республикаларда кўрсаткич анча паст. Масалан, Қозоғистонда 886 киши, Қирғизистонда 693, Тожикистонда 1171 ва Туркманистонда 258 кишига «омад кулиб боққан».

Маълумот учун, 2019 йил учун Green Card лотереясини тўлдириш 2018 йилнинг 3 октябрида бошланган эди.

Натижаларни текшириш учун ариза топширган вақтда тақдим этилган номер, ариза берувчининг фамилияси ва туғилган йилини қуйидаги манзилга киритиши лозим: https://www.dvlottery.state.gov/ (Ҳозирда сайтга кирувчилар сони кўпайиб кетгани сабаб сайт қотиб қолган).

Green Card натижалари Давлат департаментининг сайтида 2020 йилнинг 30 сентябрига қадар туради ва бу вақт давомида лотерея натижалари ўзгармайди.

DV Lottery дастурида ғалаба қозониш АҚШ ҳудудига киришга рухсат олишни кафолатламайди. Бунинг учун ДС-260 формани тўлдириш, шунингдек, суҳбатдан ўтиш талаб этилади.

Лотерея ғолиблари АҚШда муқим яшаш, шунингдек, Америка фуқароларининг кўплаб ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини қўлга киритади, фақатгина сайловларда қатнаша олмайди ва фуқароликни 5 йилдан сўнг олиши мумкин.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қайси мамлакат фуқаролари энг кўп «грин-карта» ютиб олади?