
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Низомга кўра, назорат қилувчи органлар қуйидаги асослар мавжуд бўлганда:
- жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;
- назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (расмий ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар асосида ваколатли органга текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.
Бунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектнинг амалда фаолият кўрсатаётганлиги назорат қилувчи орган томонидан дастлаб ўрганиб чиқилиши лозим.
Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширувни келишиш учун буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимларига киритилади. Бир кунлик текширувга соат 9:00-18:00 гача рухсат берилади.
Муддати бир кундан ортиқ бўлган текширувни келишиш учун эса буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали унинг марказий аппарати томонидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга киритилади.
Назорат қилувчи орган текширувни ўтказиш келишилган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.
Буйруқда текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси, назорат қилувчи органнинг текширувда иштирок этадиган масъул ходимлари таркиби, текшириладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, текширув мақсади, муддати ва текшириладиган фаолият даври кўрсатилади ҳамда текширув дастури илова қилинади.
Назорат қилувчи органнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан ўтказиладиган текширувга унинг бошқа таркибий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари жалб этилиши мумкин.
Текширувни фақат текширувни ўтказишга рухсат берилган назорат органи ва ходимлар ўтказишга ҳақли.
Текширув ўтказишга рухсат берилган назорат органи ёки ходимларнинг ўзгариши ёхуд текширувга қўшимча ходимлар жалб этилиши фақат текширувга рухсат берган ваколатли органнинг қарори билан рухсат этилади.
Текширув ўтказиш жараёнида назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ўз ваколатлари ва текширув дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.
Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарини (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахсни) ёки якка тартибдаги тадбиркорни текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатади, Ягона тизимга текширувнинг уникал кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради, шунингдек текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар (текширув ўтказиш келишилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текширув дастури) нусхаларини тилхат олган ҳолда топширади.
Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ягона тизимдан қисқа хабар (SMS) кўринишида ва реал вақт режимида интернет тармоғи орқали олиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 92-моддасида назарда тутилган ҳолларда мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳаракатлар назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари томонидан текширув тугаллангунга қадар амалга оширилади.
Текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъектига тилхат олинган ҳолда топширилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.
Текширилаётган тадбиркорлик субъектининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги ҳамда ҳар қандай тўсқинликлари текширувни бекор қилиш учун асос бўлмайди.
Текширилаётган тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган ҳамда ҳар қандай тўсқинликларни вужудга келтирган тақдирда, бу ҳақда назорат қилувчи органнинг масъул ходими томонидан далолатнома тузилади. Бунда далолатнома расмийлаштирилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.
Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдириши шарт.
Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли тўлдирилади. Бунда қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.
Текширув натижалари тўғрисидаги далолатномага “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда — электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда — унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.
Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда ёки кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этмаган ҳамда текширувга ваколатли органнинг қарорида кўрсатилмаган шахсларни жалб этиш ҳолатларида, тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишига йўл қўймасликка ҳамда текширувга рухсат берган ваколатли орган ва Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмасига хабар беришга ҳақли.
Тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда эса палата вакиллари иштирок этиши мумкин.
Солиқ маслаҳатчилари ва (ёки) адвокатлар томонидан тадбиркорлик субъектига текширув давомида шартнома асосида тегишли хизматлар кўрсатилиши мумкин.
Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахсга) ёки якка тартибдаги тадбиркорга мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларни текширувда иштирок этишга жалб қилиш ҳуқуқини тушунтиради ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахс) ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан текширув ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхалари олинганлигини тасдиқловчи тилхатда маълумот қайд этилади.
Тадбиркорлик субъекти томонидан хабардор қилинган мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларнинг текширувда иштирок этиш учун етиб келмаслиги текширув ўтказилишига тўсқинлик қилмайди.
Текширув давомида назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ҳамда текширилаётган тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 16 ва 17-моддаларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларга амал қиладилар.
Текширув билан тадбиркорлик субъектининг бевосита текширув ўтказиш йилидан олдинги уч календарь йилдан, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган масалалар эса беш календарь йилдан кўп бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин. Бунда:
- текширув ўтказилаётган календарь йилнинг ўтган даври текширилиши мумкин;
- текширувни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган фаолият даври бўйича қайта текширув ўтказилмайди.
Текширувни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, шунингдек текширув бошлангандан кейин тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахс) ёки якка тартибдаги тадбиркор текширувда иштирок эта олмаган, талаб этилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки соҳавий мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширув назорат қилувчи органнинг буйруғи асосида тўхтатилиб, унинг асослантирилган мурожаатига кўра текширув ёки унинг қолган муддати ваколатли органнинг рухсати билан бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.
Муддати кўчирилган текширувни ўтказиш текширув тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширув ўтказилмаган деб ҳисобланади. Бундай текширув кейинчалик умумий тартибда ўтказилиши мумкин.
Текширув ўтказиш жараёнида ўрганиш лозим бўлган қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, текширув муддати назорат қилувчи органнинг асослантирилган мурожаатига кўра Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг рухсати билан фақат бир марта, бироқ текширув келишилган муддатдан ошмаган вақтга узайтирилиши мумкин (масалан, олти кунга келишилган текширувни узайтиришда кўпи билан яна олти кун қўшиб берилиши мумкин).
Текширув муддатини кўчириш ва узайтириш текширув ўтказишни келишиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Текширувни тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган манзилда ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда, уни тадбиркорлик субъектининг ёзма розилиги билан ушбу субъект рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ҳудуддаги назорат қилувчи орган биносида ўтказиш мумкин.
Текширувлар натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади. Текширув далолатномаси камида икки нусхада тузилади.
Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширув далолатномаси текширув ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширув бўйича эса, текширув муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.
Бунда текширув далолатномасининг нусхалари назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ва тадбиркорлик субъектининг раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан имзоланади ҳамда бир нусхаси тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) ёки якка тартибдаги тадбиркорга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.
Текширилган тадбиркорлик субъекти ўтказилган текширув натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада ёзма равишда акс эттириши мумкин.
Текширилган тадбиркорлик субъекти текширув далолатномасини олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, назорат қилувчи органнинг масъул ходими бу ҳақда далолатномага тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текширув тугаган ҳисобланади.
Бу ҳолда текширув далолатномасининг бир нусхаси у тузилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан тадбиркорлик субъектига почта орқали буюртма хат билан юборилади.
Текширув далолатномаси назорат қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинади.
Ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномада қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалар текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома, молиявий ва иқтисодий жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар, суд қарорлари) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг бир иш кунидан кечиктирмасдан назорат қилувчи органлар томонидан Ягона тизимга киритилиши лозим.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда ўтказилган текширувлар натижалари тўғрисидаги маълумотлар назорат қилувчи органнинг марказий аппарати, вакил девонининг ҳудудий ходимлари орқали келишилган текширувлар бўйича маълумотлар назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги тегишли бўлинмаси томонидан Ягона тизимга киритилади.
Текширув натижасида аниқланган банк сирига оид маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.
Текширувда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда назорат қилувчи орган текширув якунланган вақтдан бошлаб 10 кун ичида барча хужжатларни прокуратура органларига юбориши шарт. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар