06:36 / 23.05.2019
5 929

Қуш тилини топганлар ёки қушларнинг «никоҳ рақси»ни кўрганмисиз?

Қуш тилини топганлар ёки қушларнинг «никоҳ  рақси»ни кўрганмисиз?
Фото:«Xabar.uz»
Қушлар... Уларнинг тури, зоти, номи, кўриниши, сайраши, патлари минг хил. Ер юзида қушлар беҳисоб. Биргина Ўзбекистонимизда 400 дан зиёд қуш турлари мавжуд.

Ана шундай қушлардан бири йўрға тувалоқдир. Навоий вилоятида ана шу ноёб қушларни кўпайтириб, ёввойи табиат қўйнига учириш билан шуғулланадиган марказ фаолият кўрсатади. Юртимизнинг бетакрор табиати, иссиқлиги, ўзига хос кенгликлари бу қушнинг кўпайиши учун жуда мос иқлим ҳисобланади.

Бу марказ Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази (АЙТАМ) деб номланади ва у Бирлашган Араб Амирлиги Вице-Президенти, Бош вазири, Дубай амирлигининг ҳокими Шайх Муҳаммад Бин Рошид Ол Мактум Жаноби олийлари ташаббуси билан 2008 йилнинг апрелида ташкил этилган.

Мазкур марказ фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган медиатурда бўлдик.

Қуёшнинг айни тиғи тушадиган Самарқанд ва Бухоро оралиғида Кармана туманининг чўл ҳудудида жойлашган 300 гектар майдонни ташкил этган мазкур марказ дарвозасидан кираверишдаёқ бу ерда ноёб ва гўзал мавжудотлар парваришланаётганлигини ҳис этиш қийин эмас.

- Осиё йўрға тувалоғи йўқолиб кетиш хавфи остидаги қуш тури ҳисобланиб, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи томонидан заиф деб таърифланган,-дея изоҳ берди бизни марказда кутиб олган иш бошқарувчи Рустам Тўхтамуродов.

- Бу қуш Марказий Осиёда кўпаядиган кўчиб яшайдиган қуш ҳисобланади. Бу ерда қушларни тутқунликда кўпайтиришнинг асоси - генетик хилма-хилликка эга бўлган қушларни ўзидан кўпайтиришга асосланган.

– Генетик ва ишлаб чиқариш бошқарувини амалга ошириш учун Марказда йўрға тувалоқларни сунъий йўл билан кўпайтирилади. Қушларни сунъий кўпайтириш дастурига қўшимча қилиб, ёввойи популяцияни самарали мустаҳкамлашга эришиш мақсадида Марказ табиатдаги тувалоқларни экологик муҳитини кузатишни ҳам амалга оширади.

Ушбу экологик ишлар бир неча йил аввал бошланган бўлиб, бу қушларнинг никоҳ рақси ва тухум қўйиш жойларини белгилаш, баҳор мавсумида тувалоқлар популяциясининг зичлигини аниқлаш, кўпайиш самарадорлигини кузатиш ва уларни озиқланиш жойларини баҳолаш билан бир қаторда генетик таҳлиллар учун биологик намуналар олишни ўз ичига олади.

Қушларнинг яшаш жойи, қушчаларнинг инкубациядан чиқиши, озиқлантириш, уларни дастлабки парвариш қилиш жойлари, табиат қўйнига учишга тайёрланадиган жойларнинг алоҳида-алоҳида эканлиги жараённинг тизимли ташкил этилганлигини кўрсатиб турибди.

– Бу йил жуда баракали келди,-дейди марказ лаборанти Нилуфар Ҳусенова. - Ҳозирги мавсумда ҳар қачонгидан кўра кўп, яъни 7816 дона тухум олинди. Бу ерда ишлаб нафақат қуш тилини ўрганиб олдик, балки инглиз тилини ҳам ўргандик. Ҳозир ҳаммамиз инглиз тилида худди ўз она тилимиздагидек бемалол гаплашамиз.

Фото:«Xabar.uz»
Дарҳақиқат, марказда узоқ йиллик ҳамкорлик лойиҳасига асосан масъул лавозимда ишлаётган франциялик Алла Deller хоним билан инглиз тилида сувдай шаррос гаплашаётган қушбоқар йигит-қизларга ҳавасимиз келди.

- Қушнинг жўжалари тухумдан 21 кунда очилади, - дейди қушбоқарлар бўлими масъули Дилрабо Ҳошимова. - Элликка яқин ишчи уларни ўн кунга қадар парваришлаймиз. Айни пайтда 750 та палапон бор.- Кейин 15-20 кун уларга қўлдан алоҳида-алоҳида овқат берилади. 20 кунлик бўлгандан кейин ўз насибаларини ўзлари териб ейишни ўрганишади. Улар бир ойлик бўлгандан кейин махсус кенг ва узун тунелларда учишга тайёрланади. 45 кунликдан 90 кунлик бўлгунча, яъни август ва сентябрь ойларида табиат қўйнига учирилади. Барча қушлар ветеринар Санжар Исомиддинов раҳбарлигида 2 марта эмланади. Осмонга парвоз қилиши учун 5 та пати бўлиши кераклигини кузатамиз, учишга осон бўлиши учун диетага амал қилишларини таъминлаймиз.

Йўрға тувалоқни асраш марказидан олинган маълумотларга кўра, 2012 йилдан буён шу вақтга қадар марказ томонидан 10 мингга яқин йўрға тувалоқ ёввойи табиатга учирилган.

Йўрға тувалоқлар гарчи қафасларда парваришланаётган бўлса-да, улар ўзларини тутқунликда эмас, эркин ва бахтиёр ҳис этишларини рақсга тушишлари, қанотларини ёйиб турли кўринишларга киришлари мисолида яққол кўриш мумкин.

Маруса Ҳосилова

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қуш тилини топганлар ёки қушларнинг «никоҳ рақси»ни кўрганмисиз?