17:15 / 25.05.2019
3 132

Самарқанддаги «Бахтли ҳаёт»нинг бахтсиз болалари

Самарқанддаги «Бахтли ҳаёт»нинг бахтсиз болалари
Бугун, 25 май куни таҳририятга Самарқанд шаҳар «Бахтли ҳаёт» маҳалласида жойлашган 1-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар мурожаат қилишди. Уйнинг биринчи қаватида яшовчи Малика Камолова қуйидаги ҳолатни сўзлаб берди:

«Кеча, 24 май куни уйга кираётиб ертўладан келаётган чақалоқ овозини эшитиб қолдим. Тушиб кўрсам, қўшним у ерда Дилором Ризақулова ва унинг икки нафар фарзандлари. Суриштириб билдимки, улар бир неча кундан буён ертўлада яшаб юрган экан.

Ўзи ҳам, фарзандлари ҳам ногирон бўлган бу аёлга давлат томонидан имтиёзли уй берилган эди. Турмуш ўртоғи ва қайнонаси уни уйдан ҳайдаб юборишган экан».

М.Камолованинг ҳикояси тугар тугамас, худди шу маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро Шаҳбоз Ҳалимов кириб келди: «Илтимос, ёрдам бермасак бўлмайди. Бир ногирон аёлни ёш болалари билан кўчада қолдиришган, подъездда яшаб юрибди».

Дилором Ризақулованинг айтишича, эри уйдаги жанжаллар сабаб хотинини ҳайдаб чиқарган ва ҳокимият ногирон оила учун берган уйни ҳокимиятга қайтариб берган. Ризақулова вилоят ҳокими Эркин Турдимов имтиёзли уйнинг бошланғич тўлови учун 10 миллион сўм оилага берганини миннатдорлик билан айтди. Лекин маълум бўлишича, унинг эри кўзи ожизлиги учун 1-гуруҳ ногирони ҳисобланган Парвиз Хайриев пулни олиб кетган.

Ризақулова икки нафар боласи билан (улардан бири ногирон) қўшниси Малика Камолованинг уйида яшаб юрибди. «Ош-овқатим ҳам қўшниларим ҳисобида бўлиб қолди. Иситмалаб ётган болаларимни синглимникига ташлаб келдим. Уруш-жанжаллар сабаб болаларнинг аҳволи ёмонлашди»,- дейди Ризақулова. Аёлнинг қўшнилари унинг даволанишига, болаларининг ҳам даволанишига ёрдам беришларини айтишмоқда.

Маҳалладаги одамларнинг қўшниларига нисбатан бефарқ бўлмагани қувонарли ҳолат. Кўчада қолган аёлларнинг қўшнилари бу аёлга ёрдам бериш учун тегишли идораларга мурожаат қилишганини айтишди. Бир нарса одамни ўйлантиради: эркак уйни қайтариб бермоқчи экан нега уйни қайтиб оладиганлар бу оиладаги аҳвол билан қизиқишмаган? Уй оиланинг эркагига керак бўлмаса, уни икки нафар ногирон боласи билан кўчада қолган аёлнинг номига ўтказиб беришнинг имкони йўқмиди? Хуллас тушунурсиз ҳолатлар.

Мутасаддилар ҳолатни ўрганиб чиқишни ваъда бермоқда. Умид қиламиз, ертўлада яшашга мажбур бўлган ногирон аёл ва унинг ногирон болаларига ёрдам берилади...

Ўткир Жалолхонов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқанддаги «Бахтли ҳаёт»нинг бахтсиз болалари