19:10 / 01.06.2019
4 661

Қашқадарёда бир гуруҳ шахслар қўнғир айиқни ўласи қилиб дўппослади (видео)

Қашқадарёда бир гуруҳ шахслар қўнғир айиқни ўласи қилиб дўппослади (видео)
Ижтимоий тармоқларда навбатдаги кўнгилсиз ҳолат видеоси тарқалди. Унда бир гуруҳ шахслар ёввойи айиқни тутиб олиб, уни ўласи қилиб дўппослаганидан кейинги ҳолат тасвирланган.

Тасвирда бир йигитнинг одамлар орасида айиқни кўрсатаётгани, жониворнинг эса бош қисмидан қон оқиб, чалажон ҳолатдалигини кўриш мумкин.

Журналист Наргис Қосимованинг Facebook’да хабар беришича, ҳодиса Қашқадарё вилоятида юз берган. Пост муаллифи бу шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.

«Қашқадарё вилоят экология қўмитаси зудлик билан инсон деб аташга тилим бормаётган буларни жазога тортиши керак. Мана, бизнинг табиатга, жониворларга муносабат. Қўнғир айиқ Халқаро қизил китобга киритилган! Буларни жазога тортиб, натижасини эълон қилиш керак. Бошқаларга ибрат бўлиши учун. Жавобгарликка тортишни талаб қиламан. Буларнинг бари Қашқадарёда юз беряпти», - деб ёзади Н.Қосимова.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси президенти 29 май куни «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) ўзгартириш киритилди.

Эндиликда, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд биринчи қисмда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жиноят кодекси 202-моддасига кўра, овчилик, балиқчилик ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турларини ушлаш қоидаларини бузиш, ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартларини ёхуд ўсимликларнинг дори-дармон, озиқ-овқат ва манзарали (декоратив) турларини йиғиш ёки тайёрлаш, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик оламидан фойдаланиш тартибини бузиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша қилмишлар:
а) ҳайвонлар, паррандалар, балиқ, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг Қизил китобга киритилган бошқа турларини нобуд қилиш билан;
б) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда бир гуруҳ шахслар қўнғир айиқни ўласи қилиб дўппослади (видео)