13:20 / 16.06.2019
3 108

Барчаси исташга ундовчи ўша нарсада

Барчаси исташга ундовчи ўша нарсада
Бугунги ва бундан буёнги турмушимизни ахборот макони, айниқса, Интернет тармоғисиз тасаввур қилиш жуда қийин, албатта. Бир ишга қўл уришга чоғланган ҳар қайси инсон, ташкилот мазкур макон ва тармоқда ўз ўрнига эга бўлиш ҳамда шу тариқа ўзлигини кўрсатиш, муддаосига етишни ҳам олдиндан ўйлаши табиий, ҳатто зарурдир.

Шу маънода, ЎзА даги “Bolahuquqlari.uz сайти тест режимида ишга туширилди” хабарини ўқиганимизда, яхши иш бошланибди, ўйи ўтиши баробарида унинг манзили лотин алифбосидаги ғирт ўзбекчалигига ҳам эътибор қаратдик. Арзимасдек ушбу жиҳат диққатимизни тортгани бежизмас.

Сабаби анчадан буён кузатиб келаётганимиз – миллий сайтларимизнинг манзилларига хос, ёзилган-ёзилмаган тартиб-қоидалар, миллийлик, тил сиёсати билан боғлиқ бош-бошдоқлик, чалкашлик, бегонапарастлик, билимсизлик, фаросатсизликлар билан боғлиқдир. Масалан, нега айнан www.gov.uz? Davlat, hukumat сингари ўз атамаларимиз бор-ку? Мазкур сайтда эълон қилинган “Давлат органлари веб-сайтлари рўйхати”га юзаки кўз ташлашнинг ўзидаёқ, улар кўпчилигининг “исми жисмига тенг эмаслиги” сезилмай қолмайди:

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги - www.mineconomy.uz, Молия вазирлиги - www.mf.uz, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги - www.edu.uz, Халқ таълими вазирлиги - www.uzedu.uz, Соғлиқни сақлаш вазирлиги - www.minzdrav.uz, Ташқи ишлар вазирлиги - www.mfa.uz, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги - www.mift.uz, Адлия вазирлиги - www.minjust.uz, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги - www.mjko.uz, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги - www.mitc.uz, Мактабгача таълим вазирлиги - www.mdo.uz, Инновацион ривожланиш вазирлиги - www.mininnovation.uz, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги - www.minsport.uz, Қурилиш вазирлиги - www.minstroy.uz, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги - www.agro.uz, Сув хўжалиги вазирлиги - www.water.gov.uz, Транспорт вазирлиги - www.autotrans.uz, Монополияга қарши курашиш қўмитаси - www.gkk.uz, Давлат божхона қўмитаси - www.customs.uz, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси - www.uznature.uz, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси - www.uzbektourism.uz, “Ўзархив” Агентлиги - www.archive.uz, Давлат ветеринария қўмитаси - www.vetgov.uz, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси - www.scis.uz, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги - www.csm.gov.uz, Фанлар академияси - www.academy.uz, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки - www.nbu.uz, Ўзсаноатқурилишбанк - www.uzpsb.uz, Фуқаролик жамиятини шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти - www.nimfogo.uz, Дин ишлари бўйича қўмита - www.religions.uz, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси - www.interkomitet.uz, Республика Маънавият ва маърифат маркази www.manaviyat.gov.uz, Савдо саноат палатаси - www.chamber.uz, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - www.natlib.uz, Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази - www.ncdc.uz, Давсувхўжаликназорат - www.v-nadzor.gov.uz, Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси - www.uzex.uz, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси - www.ufrd.uz, Ўзбекенгилсаноат - www.legprom.uz, Ўзбекистон темир йўллари - www.railway.uz, Ўзбекистон ҳаво йўллари www.uzairways.com...

Диққат қилинганидек, давлат ташкилотларининг номланиши ўзбекча – давлат тилида бўлгани ҳолда электрон манзиллари русча, инглизча!

Айниқса, илм-фан, маърифат, маънавият, дин билан боғлиқ идораларга оид мисоллар кишини қаттиқ ўйлантиради, қийнайди, ташвишга солади. Давлат тилимизнинг обрў ва ўрнини мустаҳкамлашдек ўта нозик масалада аввало давлат идоралари ўрнак кўрсатмасалар, бошқалардан нимани ҳам талаб қилиш мумкин? Шу билан бирга, ибратли мисоллар ҳам борлиги оз бўлса-да таскин беради, бироқ бутунлай тинчлантирмайди, энг муҳими, шу юмушни уддалашимиз мумкинлигини исботлайди:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги - www.mehnat.uz, Ички ишлар вазирлиги - www.iiv.uz, Мудофаа вазирлиги - www.mudofaa.uz, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги - www.fvv.uz, Маданият вазирлиги - www.madaniyat.uz, Давлат солиқ қўмитаси - www.soliq.uz, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси - www.ygk.uz, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси - www.urmon.uz, Интеллектуал мулк агентлиги - www.ima.uz, “Ўзбеккино“ Миллий Агентлиги - www.uzbekkino.uz, Давлат активларини бошқариш агентлиги - www.davaktiv.uz, Олий аттестация комиссияси - www.oak.uz, “Асака“ банки - www.asakabank.uz, Қишлоқ қурилиш банк - www.qishloqqurilishbank.uz, Ипотека-банк - www.ipotekabank.uz, Микрокредитбанк -www.mikrokreditbank.uz, Агробанк - www.agrobank.uz, Халқ банки - www.xb.uz, “СИФАТ” маркази - www.sifat.uz, Давлат тест маркази - www.dtm.uz, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази - www.markaz.uz, Ўздавэнергоназорат - www.energonazorat.uz, Ўздавдонинспекция - www.uzddi.uz, Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси - www.uzngi.uz, Давсувинспекция - www.davsuvinspeksiya.uz, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республикаси кенгаши - www.mahallakengashi.uz, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи - www.yi.uz, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши - www.kasaba.uz, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши - www.uzfk.uz, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) - www.uza.uz, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси - www.mtrk.uz...

Демак, инсон истаса, қаловини топади: www.surxondaryo.uz (Сурхондарё вилояти ҳокимияти), www.sirdaryo.uz (Сирдарё вилояти ҳокимияти), www.buxoro.uz (Бухоро вилояти ҳокимияти), www.qashqadaryo.uz (Қашқадарё вилояти ҳокимияти), www.toshvil.uz (Тошкент вилояти ҳокимияти). Истамаса-чи, аниқроғи, исташга ундовчи нарса бўлмаса-чи? Унда бундай иш тутади: Тошкент шаҳар ҳокимияти - www.tashkent.uz, Андижон вилояти ҳокимияти - www.andijan.uz, Фарғона вилояти ҳокимияти - www.ferghana.uz...

Барчаси исташга ундовчи ўша нарсада!
Азамат Зиё

Манба: Uza.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Барчаси исташга ундовчи ўша нарсада