17:47 / 14.06.2019
3 997

Бош прокуратура: ДХХнинг собиқ раиси ва унинг собиқ ўринбосарига қарши жиноий иш очилган

Бош прокуратура: ДХХнинг собиқ раиси ва унинг собиқ ўринбосарига қарши жиноий иш очилган
Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга қарши жиноий иш очилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошевга асосланган ҳолда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Прокуратура органлари фаолиятига бағишлаб ўтказилган брифинг вақтида прокуратура мутасаддиси томонидан маълум қилинишича, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ҳам шу иш доирасида қўлга олинган.

«Тергов жараёнида қатор юқори давлат органлари мансабдор шахслари ишлари кўрилаётгани туфайли терговни ёпиқ тарзда олиб боришга қарор қилинган», деган Эркин Йўлдошев.

Қайд этилишича, бу иш доирасида 10га яқин киши тергов қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг февралига қадар ДХХга раҳбарлик қилди. У соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилгани хабар қилинганди.

Ихтиёр Абдуллаев 2009 йилдан президент маслаҳатчиси, 2015 йил апрелидан 2018 йил 31 январига қадар Ўзбекистон бош прокурори сифатида ишлаган.

Жаҳонгир Эгамов 2018 йил январидан декабргача ДХХ раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

2017 йилнинг майидан Олий суд раиси ўринбосари - Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаган Баҳодир Акбаралиевич Деҳқонов эса 2019 йилнинг февралида ҳибсга олинганди.

Бундан аввалроқ Юнусобод туманининг собиқ ҳокими, катта миқдордаги пора билан ушланган Бахтиёр Абдусаматов судда ўзининг қўлга олиниши Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари томонидан уюштирилганини тахмин қилган ва Жаҳонгир Эгамовнинг номини тилга олиб ўтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокуратура: ДХХнинг собиқ раиси ва унинг собиқ ўринбосарига қарши жиноий иш очилган