
Меҳмон кутиш
Биз ўзбекларда ажиб бир одат бор. Меҳмон учун одатдагидан бошқачароқ тайёргарлик кўриб дастурхон тузаймиз, алоҳида безатилган хонада кутиб оламиз.
Нега? Ўзимиз ҳар доим овқатланадиган дастурхон ва таом билан меҳмонни ҳам кутиб олсак нима бўлади? Қандай шароитда яшашимизни билиб қолишадими?
Меҳмон учун ширинликлар ва писта-бодомлар сақлаб қўйилади, бола-чақалар еб қўймасин деб. У тансиқ таомлар ойда-йилда бир келиб кетадиган меҳмон учун аталган. Ўзимиз ва бола-чақамиз улардан емаслиги керак.
Нега?
Кўп ўзбек хонадонларида меҳмонхона деб аталган махсус бир хона бўлади. У хонага чиройли гиламлар солиб, қиммат идиш-товоқлар тузаб қўйилади. Доимий ўтирадиган уйимиз эса ошхона ёки бирон бир кирчимол уй бўлади.
Нега ўзимиз оиламиз билан шу меҳмонхонада роҳатланиб яшамаймиз? Нега у хона фақат "азиз меҳмонлар" учун сақлаб қўйилади. Меҳмон асл шароитимизни кўриб, билиб қолмаслиги учунми?
Ўзбекистондан ташқарида яшайман. Яқинда бошқа миллатдан бўлган бир мусулмон танишим оилавий ифторга таклиф қилди ва бордик. Менга энг ёққан тарафи у ҳеч қандай тайёргарлик қилмаган. Ҳар доим ўзлари ейдиган таом ва жойда кутиб олгани билиниб турибди. Чунки уларга ҳеч қандай риё ёки биздагига ўхшаш кўзбўямачилик керак эмас, деб тушундим.
Аллоҳ берган ризқ ва шароитни нега бандасидан яширишга ҳаракат қиламиз, ҳайронман...
Бобур Акбаров
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар