12:26 / 20.06.2019
4 673

Шу ҳолингизда маддоҳлик қилиш нима зарил?!

Шу ҳолингизда маддоҳлик қилиш нима зарил?!
Ўтган йиллар давомида ўзбек матбуотининг ва журналистларнинг обрўсини тушириб юборган энг катта иллат – мақтов, маддоҳлик бўлди. Шунинг касрига бугун кўпчиликда матбуотга ишонч йўқ. Шунинг касрига бугун матбуот ёруғликка чиқишга қийналиб ётибди. Ўлганнинг устига тепган қилиб, сиз – мақтов ва олқишларга ихтисослашган «журналистлар» ҳалиям ўз ҳунарингизни давом эттириб, журналистикани уят балчиғига қоришда давом этяпсизлар.

Мен аксарият вилоят ҳокимликлари газеталарида буни яққол кўриб турганим учун айтяпман. Биламан, бунақа аччиқ гаплар ёқмайди сизларга. Лекин эътиборга олишга мажбурсиз, чунки ўзбек матбуоти онангизнинг маҳрига тушмаган, ундан истаганча фойдаланишга ҳақли эмассиз!

Матбуот – жамиятнинг қон томири – уни маддоҳлигу мақтовлар билан булғасангиз, жамиятнинг томиридаги қон бузилади. Жамият бузилади! Сиз буни истайсизми? Йўқса, нега газетангиз вилоят ҳокимига қаратилган олқишномага айланган? Сизларнинг бурчингиз халқнинг ёнида туришми ё ҳокимларнингми?

Ҳамма вилоятнинг ўз «...ҳақиқати», «...садоси», «...йўли» бор. Бу «ҳақиқат»лар, «садо»лар, «йўл»ларнинг деярли ҳаммаси мақтовга, мадҳу-санога элтади. Сизларнинг бу «ҳақиқат»ларингга ишонадиган бўлсак, шу қадар тўрт ёнимиз тўкис бўлса, адолат ва ҳақиқат излаб, муаммосига чора қидириб, ариза кўтариб, изиллаб тўрт томонга чопиб юрган фуқаролар «шундай фозил ҳоким буваларнинг қадрига етмайдиган нонкўрлар» бўлиб чиқадими?..

Мабодо, ҳокимларингиз зўр ишлаётган тақдирда ҳам уларни мақтайвериш жоиз эмас, чунки у бор-йўғи ўз вазифасини бажаряпти, холос. Халққа осмондаги ойни олиб бераётгани йўқ. Қолаверса, газетларингизда мақталаётган ҳокимларнинг жуда кўп қилғиликларини бутун халқ кўриб-билиб турибди.

Аксариятингиз ҳаминқадар маошга ишлайсиз; сизга ажратилган хоналар ҳам бир аҳволда; ишлатадиган компьютерларингиздан кўчадаги пайнетчиларнинг компьютери обрўлироқ; лиқиллаган стол-стулларда ўтирасиз; амаллаб тушлик қиласиз (ваҳоланки, мажбурий обуналар даврида газетингизга бир неча юз миллион сўмлаб обуналар расмийлаштирилар эди, сиз у пулларнинг нимага сарфланганини ҳам, «обуна ариғи»дан кимлар фойдаланганини ҳам билмайсиз); текширишларга борганда (уч-тўрт танга орттириш учун) «атаб қўйилганлар»ни олишга мажбур бўласиз; ҳокимиятлардаги беш-олти соатга чўзиладиган мажлисларда оёқларингиз увишиб, белларингиз қотиб, ўқувчи боладек дафтар қоралаб ўтирасиз; ҳақиқатни эмас, хўжакўрсинга ўтказиладиган тадбирларни ёритасиз...

Мабодо битта-яримта ҳаққоний мақола ёзгудек бўлсангиз, бош муҳаррирингиз уни чоп эттириб бўпти! Қани, бир неча ўн йиллаб шу жойда ўтираверганидан курсисига илдиз отиб кетган бу «Гл. редактор»га эътироз қилиб кўринг-чи!..

Ҳеч тушунмайман, шу ҳолингизга маддоҳлик қилиш нима зарил?! Агар мақтамасангиз, ишингизни олсалар, топширинг бунақа ишни, ҳарна битта ёлғончидан қутуламиз, дуо қиламиз. Ҳеч қурса, виждонингиз олдида юзингиз ёруғ бўлади. Ризқингизни худо беради.

Сиз яна бир нарсани тушунинг: сизнинг ортиқча ва ноўрин мақтовларингиз – маддоҳлигингиз сабаб, мақталаётган одам ўзидан кетади; Президентимиз таъбири билан айтганда, «оёғи ердан узилади»; тобора катта кетиб, ҳовлиқиб боради; одамгарчиликдан чиқади. Ҳазрат Саъдий айтганларидек, «агар бировни ўзида йўқ фазилатлар билан мақтайверсангиз, у ўз хатоларини фазилат ҳисоблай бошлайди». Биз нақ 25 йил шундай касларнинг касрига қолмадикми? Сиз яна шундай фожиани хоҳлайсизми?

Гапнинг қисқаси, журналист бўлсангиз, рисоладагидек — журналистга ўхшаган журналист бўлинг; эплолмасангиз, илтимос, халқнинг жиғига тегаверманг, матбуотни беобрў қилманг.
«Нима ҳаққинг бор бундай дейишга?» — дейсизми? Ҳаққим бор. Менам матбуот ходимиман. Ўзим ишлайдиган майдон тоза бўлишини хоҳлайман ва атрофдагилардан тозалик талаб қилишга ҳақлиман.

Умид қиламанки, шу бугуноқ виждонингиз билан юзма-юз ўтириб гаплашиб оласиз.
Дилфуза Комил

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шу ҳолингизда маддоҳлик қилиш нима зарил?!