date
views 2 524

МДҲ давлатлари миллий тўлов тизимлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди (фото)

МДҲ давлатлари миллий тўлов тизимлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди (фото)
Шу кунларда Самарқанд шаҳрида МДҲ давлатларининг миллий тўлов тизимлари ҳамда банк раҳбарларининг учинчи ишчи учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Россия Федерацияси, Беларус Республикаси, Арманистон Республикаси, Абхазия Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг тўлов тизимлари ҳамда банклари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг очилиш маросимида “Миллий тўлов тизими” (“Мир” тўлов тизимининг оператори) Бош директори Комлев Владимир Валеревич ва Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) (Uzcard банклараро тўлов тизиминиг оператори) Бош директори Махмудов Ахрор Аброрович сўзга чиқди ҳамда иккала давлатнинг тўлов тизимлари инфраструктураси ривожланиши, тўлов хизматларининг сифати ва халқ вакилларига таклиф этилаётган инновацион ечимлар борасида фикр алмашилди.

ЯУПМ Бош директори Аҳрор Маҳмудов учрашув иштирокчилари ўртасида эришилган келишувлар, “Мир” тўлов тизими билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида карта эгаларига тақдим этилиши кўзда тутилаётган имкониятлар ҳамда Uzcard мижозлари учун мақсад-вазифалар ҳақида гапириб ўтди.

“Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга воқеликдир. Ўтган йили Ереванда ўтказилган ишчи сессиямизда МДҲнинг деярли барча тўлов тизимлари вакиллари навбатдаги учрашувни айнан Ўзбекистонда ўтказиш бўйича қарорни катта хайрихоҳлик билан қабул қилдилар. 13 июндан 15 июнга қадар Самарқандда МДҲнинг тўлов тизимлари ва марказий банклари делегацияси муҳокамалар столига ўтириб, бир қатор муҳим келишувларга имзо чекишди. Фикримча, Uzcard миллий тўлов тизими ва Россиянинг “Мир” тўлов тизимлари ўртасида тўсиқсиз трансчегаравий тўловлар бўйича имзоланган келишувни том маънода ҳақиқий ютуқ, деса бўлади.

Шундай қилиб, 13 июнь куни реал вақт режимида ушбу икки тўлов тизимлари ўртасида синов транзакцияси муваффақиятли тарзда амалга оширилди. “Мир” тўлов тизими вакиллари билан 2019 йилнинг март ойидан буён фаол муҳокамалар олиб бораётган эдик. Йил охирига келиб карта эгалари эски амалиётлардан воз кечган ҳолда, янгича амалиётларни амалга ошириш, товарлар харид қилиш ва бутун МДҲ ҳудудида иккила тўлов тизимидан фойдаланган ҳолда хизматлардан фойдаланишлари қувонарли ҳол, албатта. Бу тарихий ҳодиса”.

Аҳрор Маҳмудовнинг қайд этишича, ушбу қарор, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик қобилиятини ўстиришда ва бизнесни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат Қўмитаси томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга биноан, 2018 йил давомида МДҲ давлатларидан мамлакатимизга 5 миллиондан ортиқ сайёҳлар ташриф буюрган. Жумладан, “Мир” тўлов тизими билан амалга оширилаётган ҳамкорлик нафақат Ўзбекистон учун, балки МДҲ давлатларининг истиқболи учун ҳам хизмат қилиб келади. Режага мувофиқ, интеграция жараёни босқичма-босқич амалга оширилади. Жорий йилнинг якунига қадар, компаниямиз томонидан Aloqabank банкининг терминаллар паркини процессинг марказига улаш ишлари ўз ниҳоясига етказилади.

Бугунги кунга келиб, ушбу банк 6380 та POS-терминал ва бир қатор АТМ қурилмаларини фойдаланишга топшириб келмоқда. Россия ва Ўзбекистон тўлов тизимларини интеграция қилиш даври мобайнида икки тўлов тизимига хизмат кўрсатувчи «Uzcard-Мир» кобейджинг карталарини муомалага чиқариш режалаштирилмоқда. Кобейджинг карталарини фойдаланувчилар ихтиёрига топширишимиз билан бир қатор тўлов жараёнларининг соддалашувига, жумладан, картадан картага пул ўтказиш ва МДҲ давлатларида тўловларни амалга ошириш каби жараёнлар осонлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Умуман олганда, биз “Мир” тўлов тизимининг дастурий ечимини қабул қилиш ва жорий этиш тарафдоримиз”.

«Мир» ва Uzcard тўлов тизимлари ўртасида тўлақонли ҳамкорлик юритилишининг амалий жараёнлари йил охиригача йўлга қўйилиши, инфратузилмани яратиш бўйича кенг миқиёсли ишлар, миллий қонунчилигимизда меъёрий базанинг ишланиши ва хавфсизлик тизимининг мукаммаллаштирилиши билан боғлиқ.

“Имзоланган меморандум доирасида Uzcard ҳам таркибига кирувчи тўлов тизимларининг маслаҳат кенгашини тузишга қарор қилдик. Ушбу кенгаш тавсиялар бериш билан бир қаторда, вақт ва халқаро конъюнктуранинг талабларига жавоб бермайдиган меъёрий-ҳуқуқий далолатномаларни аниқлаш мақсадида меъёрий базани таҳлил қилади.

Бизни олдинда катта ишлар кутиб турибди. Шуни ишонч билан айтишим керакки, яқин орада Uzcard тизими мижозлари “Мир” тизими билан ҳамкорлик натижасида ўз карталаридан дунёнинг исталган бурчагида фойдаланишлари мумкин бўлади.

Авваллар, ҳар бир тўлов тизими ўз тўлов картасини хусусий мақсадларда интеграция қилар эди. Биз эса бирор бир доирада чегараланиб қолмасдан, “Мир” каби кенг масштабли базадан фойдаланишни таклиф этдик. Бундан ташқари, QR-кодларнинг ягона базасини яратмоқчимиз. Бу эса маълумотларингизни хужумлардан ҳимоялашни таъминлабгина қолмасдан, контактсиз тўловлар имконияти ҳамда маълумотлар берилишини соддалаштиради. Айни амалиёт ҳозирда бутун дунёда контактсиз тўловларнинг энг хавфсиз йўли ҳисобланади”.

Шунингдек, иштирокчиларга ЯУПМ фаолиятига тегишли, Uzcard банклараро тўлов тизими инфраструктураси, процессинг марказининг 2004-2018 йилларни ўз ичига олган статистик маълумотлар тақдимоти иштирокчилар эътиборига намойиш этилди.

Россия Миллий тўлов тизими Бош директори Комлев Владимир Валеревич томонидан МДҲ давлатлари ўртасида ривож топаётган ҳамкорликка тегишли фикр билдирилди:

“Биз МДҲ давлатларида саёҳат қилаётган одамларнинг қулай ҳис этишлари учун қўлимиздан келганини бажарамиз. Ўз навбатида, технологик имкониятларнинг яратилиши чегарасиз тўлов тизимининг бир қисмини ташкил этиб, Россия ва Ўзбекистон маданиятларининг чамбарчас боғлигини акс эттиради”.

Учрашув якунида МДҲ давлатлари тўлов тизимларининг раҳбарлари томонидан тўлов тизимлари технологияларини такомиллаштириш ишларини ривожлантирувчи кенгаш тузилиши таклиф этилди. Икки кун давомида МДҲ давлари вакиллари тўлов тизимлари соҳасидаги тажрибаси ва ўз таклифлари билан ўртоқлашдилар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » МДҲ давлатлари миллий тўлов тизимлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди (фото)