23:35 / 25.06.2019
3 635

ЙПХ ходимлари таъқиб қилиняпти, дўппосланяпти, ҳақорат қилиняпти… Бунга ким айбдор? (видео)

ЙПХ ходимлари таъқиб қилиняпти, дўппосланяпти, ҳақорат қилиняпти… Бунга ким айбдор? (видео)
Фото: ЎзА
2019 йилнинг 11 июнь кунидаги Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили Жаҳонгир Холқўзиев «бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши» ҳамда тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди иккинчи ишғол қилиш гуруҳи катта мутахассис-алоқачиси сержант Диёржон Мўминов «бош мия чайқалиши, юқори жағ кесувчи тишининг синиши, юзининг лат ейиши тирналиши ҳамда кўз соҳасидаги юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши» ташхиси билан Зарбдор тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Давлат хизматчиси ҳисобланган бу ходимлар шу куни ғалла ўрим-йиғим терими даврида талон-торожларнинг олдини олишга масъул сифатида хизматга жалб қилинган эди.

«Ғолиб-намунаси» фермер хўжалигига тегишли ғалла майдонида 8 қопдаги 50 килограмм буғдойни ўзбошимчалик билан олиб кетилишига қаршилик кўрсатишгани учун эса шу ҳолга тушишган.

Далага «Зил» юк автомашинасида келган Олим Яхшиликов Ички ишлар ходимларининг тушунтиришига қарамай дон маҳсулотини «бу менинг меҳнат ҳаққим», деб олиб кетишга уринади. Бироқ, у қонуний фаолиятини бажараётган ходимларнинг хизмат вазифасига қаршилик кўрсатиб, уларга ташланади.

Ж.Холқўзиевнинг юзига қўллари билан мушт билан уриб, унинг хизмат дала кийимига ёпишган вақтида сержант Д.Мўминов уларни ажратмоқчи бўлган. Аммо важоҳатга тўлган бу киши унинг дала хизмат кийимининг погонини йиртиб ташлаб, юзига бир неча марта мушт туширади.

Мазкур ҳолат юзасидан Зарбдор тумани прокуратураси томонидан О.Яхшиликовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тартибда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Зарбдор тумани судининг ажримига асосан эса унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

2019 йил 12 июнь куни Қашқадарё вилоятида йўл-патруль хизмати инспектори Баҳром Бобоқулов Қарши-Шаҳрисабз йўлида бекатда тўхтаб турган Дамас русумли автомашина ҳайдовчиси Бекзод Раҳимовнинг ёнига бориб, унга ўзини таништириб, қоидани бузилганлигини маълум қилиб, ҳужжатларини тақдим қилишни сўрайди.

Бироқ у сафдорнинг қонуний талабига бўйсунмайди. Бу ҳам етмагандай қўлига ёғоч таёқ олиб, инспекторни уриб, унга тан жароҳати етказади ва воқеа жойидан қочиб кетади. (Мазкур ҳолат фуқаролар томонидан видеотасвирга олиниб, Telegram ижтимоий тармоғига жойланган).

Қарши шаҳар Тиббиёт бирлашмаси маълумотномасига кўра, сафдор Б.Бобоқуловга «ўнг қўл елка қисмида лат ейиши шилинган жароҳати» ва «чап қўл тирсак қисмида лат ейиши шилинган жароҳати» ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.Раҳимовга нисбатан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а» банди ва 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда бу шахс тегишли тартибда ушланиб, тергов олиб борилмоқда.

Самарқанд шаҳрида эса «Автопатруль» рейдида маст ҳолдаги ҳайдовчи қўлга тушган. Аммо у машинадан тушиб қочиб кетишга уринган. Бу ҳолатда ҳайдовчининг шериклари йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторига фаол қаршилик қилиб, ҳайдовчининг қочиб кетишига кўмаклашган.

Кейин эса нафақат ҳайдовчи, балки қонунсизликка кўмаклашган бошқа шахслар ҳам қўлга олинган. Маъмурий ишлар бўйича Нуробод тумани судининг қарорларига асосан, О.Аблақулов, С.Вафоев ва Ғ.Хушвақтовлар «ҳуқуқбузар», деб топилиб, уларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Жиззах вилоятидаги яна бир ҳолатда ҳам ҳайдовчи машина рулида ўтирган ҳолда алкоголли ичимлик ичиб, кўчаларда намойишкорона кезиб юрган. Бу «зўравон» ҳам хизмат вазифасини бажараётган ходимнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Капитан М.Низомов ушбу ҳолатни қўл телефонига видеотасвирга олаётган вақтида эса Б.Бобохонов машинадан тушиб, инспекторга ташланиб, унинг телефонини тортиб олиб, синдириб ташлаган.

2019 йил 15 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан Б.Бобохоновга нисбатан, Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида ана шундай 81 ҳолат кузатилган. Қўпол қонунбузарликка йўл қўйган 44 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 11 нафарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. 19 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1 нафари маъмурий қамоққа олинган. 8 нафар шахсга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хизматлар бўйича таҳлилларга назар ташласак, турли зўравонликка кўпроқ йўл-патруль хизмати ходимлари дуч келган. Яъни уларга 52 ҳолатда фаол қаршилик кўрсатилган ва жароҳат етказилган. Профилактика инспекторларига 19, паструл-пост хизмати ходимларига 4, шунингдек, жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш тезкор вакилларига, ташкилий департамент ходимларига ҳам бир нечадан қаршилик кўрсатилган.

Ҳудудлар бўйича таққослаганда эса бундай ҳолатлар кўпроқ Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кўпроқ кузатилган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, давлат хизматчилари, хусусан Ички ишлар органлари ходимларининг хизматни олиб боришга оид фаолияти қонун билан ҳимоя қилинади. Улар билан муомала қилишнинг ўзига яраша тартиблари бор.Ҳар бир фуқаро ва юридик шахслар ички ишлар органи ходимларининг қонуний талабини бажариши шарт.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ЙПХ ходимлари таъқиб қилиняпти, дўппосланяпти, ҳақорат қилиняпти… Бунга ким айбдор? (видео)