12:55 / 01.07.2019
3 305

ИИВ расмий изоҳи: Боди камералар бўйича топшириқ бажарилиши яна кечиктирилди

ИИВ расмий изоҳи: Боди камералар бўйича топшириқ бажарилиши яна кечиктирилди
Ўзбекистонда 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши мажбурий қилинганди. Лекин бу тартиб ўз муддатида кучга кирмайдиган бўлди. ИИВ ЙҲХББ «Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақат муддатларини узайтириш режалаштирилаётгани» тўғрисида баёнот берди.

«Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлиги ошириш мақсадида «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги қарорини чиқарган эди. Мазкур қарорга асосан ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши белгиланди.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4075-сонли қарорида айнан шу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда уларнинг ижрочилари, бу ишга масъуллар, бажариш муддатлари белгилаб берилган. Қарор эълон қилингач ходимларни боди камералар билан таъминлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, бир-неча вазирлик ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда боди-камераларни ишлатиш юзасидан техник шартлар, уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари шартлари ишлаб чиқилди, эълон қилинди. Турли савдо ташкилотларига юборилди. Уларнинг таклифлари жамланди.

Нуфузли комиссия томонидан ҳар бир таклиф атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида камераларнинг нархидан бошлаб, етказиб бериш шартлари ва муддатларигача кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа камераларни турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда, вазиятларда ишлатиб кўриш ва синовдан ўтказиш эди. Бу босқич ҳам муваффақиятли якунланди.

Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилди. Бу жўн вазифа эмас. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, бахс мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотни тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Шуни ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишларига етук мутахассислар, компаниялар жалб этилди. Ҳозирги кунгача бу ишларнинг деярли саксон фоизи бажарилди. Боди-камераларни харид қилиш юзасидан тузилган шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун қилиб белгиланган. Бу таъминотчининг талаби. Ўз-ўзидан равшанки бу муддат қарор ижросини ўз вақтида бажаришга мос келмайди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига боди-камераларни ишга тушириш муддатларини узайтириш бўйича таклиф берилди. Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақатгина унинг ишга тушириш муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда. Шуни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак», дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарорига кўра, 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб ЙПХ ходимлари ўз хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши керак эди. Яъни, боди-камерасисиз йўлда хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими — ноқонуний ЙПХ ходимига айланиши керак эди.

2019 йил май ойида Ички ишлар вазирлиги Йўл-патруль ходимлари 1 июлгача боди камералар билан таъминланиши ҳақида баёнот берганди.

Лекин июнь ойида ИИВ 1 июлдан кучга кириши керак бўлган тартибни 2020 йил 1 январига қадар сурмоқчи экани маълум бўлганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил декабридаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4075-сонли қарорига кўра боди-камераларни сотиб олиш Мудофаа саноати қўмитаси зиммасига юклатилган.

Қарорнинг 16-бандида шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси 2019 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртма ва талаблари асосида ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ходимлари, кейинги навбатда патруль-пост хизмати учун мобиль видеокамералар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш электрон тизими планшетлари харид қилинишини таъминласин».

Қайд этиш керакки, ЙПХ ходимлари боди-камералар билан таъминланиши ҳақида 2017 йилнинг декабрида айтганди, ўшанда режага кўра 2018 йил февралидан ЙПХ ходимлари боди-камералар билан ишлаши назарда тутилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ расмий изоҳи: Боди камералар бўйича топшириқ бажарилиши яна кечиктирилди