22:10 / 04.07.2019
3 247

«Бу қарор бекор қилинган». Олий суд «Замонавий «рэкет»нинг суд қароридаги акси» мақоласига муносабат билдирди

«Бу қарор бекор қилинган». Олий суд «Замонавий «рэкет»нинг суд қароридаги акси» мақоласига муносабат билдирди
Олий суд Kun.uz нашрида эълон қилинган «Замонавий «рэкет»нинг суд қароридаги акси: «Берган 150 минг сўминг устига яна 10 миллион сўм тўлайсан!» сарлавҳали мақола юзасидан муносабат билдирди.

«Маълумки, айни пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса битта – ҳамюртларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ҳақиқатдан ҳам, юқоридаги мақолага сабаб бўлган воқеа бундан уч йил муқаддам юз бериб, тилга олинган суд қарори ҳам ўша пайтда қабул қилинган.

Фуқаро Ҳусниддин Мелибоев (иш бўйича жавобгар) юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида даъвогар Сарвар Раҳмоновга тегишли уловга 150 минг сўм миқдорида моддий зарар етказади. Бироқ Ҳусниддин ушбу маблағни ўз вақтида тўлай олмагани боис, шунча миқдорда қарз бўлиб қолгани ва тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун 100 000 сўмдан устама тўлашга розилиги ҳақидаги тилхатни имзолаб беради.

Гарчи Ҳ.Мелибоев бу пулни ўз вақтида қайтарган бўлса-да, негадир С.Раҳмоновнинг қонуний вакили – отаси Баҳодир Раҳмонов судга 150 000 сўм ва унга устама сифатида 2016 йил 21 мартдан 2016 йил 28 июнга қадар ҳар бир кун учун ҳисобланган 100 000 сўмдан жами 10 000 000 сўм маблағ ҳамда 2 030 000 сўм давлат божини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига мурожаат қилади. Суд ишни жавобгар иштирокисиз сиртдан даъвони қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган. Яъни фуқаролик иши Ҳусниддин Мелибоевнинг иштирокисиз кўрилган. МИБ ходимлари юқоридаги маблағни тўлашни талаб қилган.

Ҳ.Мелибоев ва адвокат Б.Мамиров судга мурожаат қилиб, 2016 йил 28 июнда сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган. Аммо, ишни кўрган судья В.Мадраҳимов 2019 йил 27 мартдаги ажрими билан уларнинг аризасини қаноатлантиришдан рад этган. Табиий, Ҳ.Мелибоев ва адвокати суднинг мазкур ажримидан норози бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судига кассация тартибида шикоят берган.

Фарғона вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 июнда Қўқон шаҳридаги «Марғилон дарвозаси» МФЙ биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида иш қонун талабида кўриб чиқилиб, Х.Мелибоев ва адвокатнинг шикояти қаноатлантирган. Яъни, Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 27 мартдаги ажрими ва шу иш юзасидан 2016 йил 28 июнда сиртдан қабул қилган ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Бошқача айтганда, мақола эълон қилинган пайтда вилоят суди томонидан суд қарори бекор қилинган бўлган. Бундан ташқари, вилоят суди томонидан Қўқон туманлараро судининг судьяси В.Мадраҳимовга нисбатан хизмат текшируви ўтказилди.

Низо бўйича қабул қилинган қарор ва бошқа тафсилотлар ҳақида қўшимча маълумот берилади», дейилади Олий суд Ахборот хизмати баёнотида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Бу қарор бекор қилинган». Олий суд «Замонавий «рэкет»нинг суд қароридаги акси» мақоласига муносабат билдирди