06:00 / 08.07.2019
5 380

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг авлодлари борми?

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг авлодлари борми?
Гулистонда Алишер Нурбоев деган шоир йигит бор. Алишер Нур тахаллуси билан ижод қилади. Шоирни билганлар, таниганлар кўп. Аммо ҳамма ҳам унинг ўзбек халқ оғзаки ижодиётининг атоқли вакили, бахши шоир Эргаш Жуманбулбул ўғлининг эвараси эканлигини билмайди.

Алишернинг шеърларида халқона оҳанг устувор. Бу эса унинг зеҳниятида ҳам катта бобосидан ўтган бахшиёна истеъдод борлигидан мужда беради. Шу ўринда албатта ўқувчини қизиқтирадиган савол туғилади, яъни Эргаш Жуманбулбул ўғлидан қолган авлодлар ҳозир қаерда ва улар кимлар? Бахши шоирнинг зурриётига мансуб кишилардан ижодкорлик йўлини тутганлар борми?

Бу саволларга Алишер Нур тақдим этган кичик шажарадан жавоб топсак бўлади. Яъни, “Кичик шажара ” дейилишига сабаб унда машҳур бахшининг аждодлари келтирилгани ҳолда бизнинг замонимиздаги авлодлари орасидан етишиб чиққан ижодкорларгина ўрин олган.

Келинг, аввал Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ота-боболари ҳақида қисқача маълумот берайлик. Шажаранинг бошида кўрсатилган Ёдгор бахши, Уста Лапас Ёдгор, Мулла Тош Уста, Мулла Холмурод бахшининг боболари ҳисобланса, Жуманбулбул Мулла отасидир. Уларнинг ҳаммаси, хусусан, Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳам Бухоро амирлигининг Нурота беклиги тасарруфидаги Қўрғон қишлоғида туғилган ва яшаган. Жуманбулбул мулланинг яна икки ўғли ва икки қизи ҳам бўлган.

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг эса Абдунаби, Абдувоҳид ва Зарбуви исмли фарзандлари бўлган. Лекин тақдим этилган шажарага кўра икки ўғлидан авлодлар қолмаган. Ўтган асрнинг бошларида улар яшаган ҳудудда вабо тарқалиб, кўпчилик қатори бахшининг ана шу фарзандлари ҳам дунёни эрта тарк этган. Фақат бошқа қишлоққа келин бўлиб тушган Зарбуви қизигина омон қолган. Ҳозир биз сизга ҳикоя қилмоқчи бўлганлар Эргаш Жуманбулбул ўғлининг айни қизидан тарқаган набира,чевара ва эвараларидир.

Яъни шажаранинг қўйи қисмида исми шарифлари келтирилганлар Зарбуви Эргаш қизининг икки фарзанди Абдуғани Турдимов ва Олия биби Нурбоеванинг бугун Нуротада, Тошкентда, Сирдарёда ҳамда республикамизнинг бошқа ҳудудларида яшаётган (яшаган)фарзандлари ва набираларидир. Улардан Абдусаид Нурбоев республикамизнинг таниқли журналистларидан бири бўлса, Шомирза Турдимов филология фанлари доктори, Жамолиддин Турдимов эса филология фанлари номзодидир. Марҳум Шукур Нурбоев ҳам журналист бўлиб, у Навоий вилояти телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилган. Бахшининг яна бир эвараси раҳматли Шоира Нурбоева ҳам журналистлик фаолияти билан шуғулланган.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги шажарада Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ижодкор авлодлари вакилларигина кўрсатилган. Яъни унинг чевара ва набиралари орасида бошқа соҳаларда ҳам намунали фаолият олиб бораётган зурриётлари бор.

Маълумот учун. Эргаш Жуманбулбул ўғлидан бой адабий мерос қолган. Ундан ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида адабиётшунос олим Ҳоди Зариф томонидан кўплаб халқ достонлари ёзиб олинган.
Аҳмадали Шерназаров

Манба: “Халқ сўзи Online”

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эргаш Жуманбулбул ўғлининг авлодлари борми?