18:18 / 08.07.2019
2 989

Ўқитувчиларга бетон қуйдиргани хабар қилинган ХТБ мудири ишдан бўшатилди

Ўқитувчиларга бетон қуйдиргани хабар қилинган ХТБ мудири ишдан бўшатилди
Фото: Kun.uz
Наманган вилояти, Косонсой туманида жойлашган 54 та мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан хабар қилинишича, Косонсой туман ХТБ мудири шу муносабат билан ишдан бўшатилган.

Наманган вилояти, Косонсой туман марказида ташкил этилаётган «Яшил хиёбон» ҳудудида халқ таълими тизимида фаолият юритувчи техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати ўрганиб чиқилди.

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизматининг ўрганиши натижасига кўра, 2019 йил 28 июнь куни «Обод марказ» Давлат дастури асосида ҳар бир таълим муассасасига 10 метрдан жой ажратилиб, директорларга бетон қуйиш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажариш юзасидан топшириқ берилган.

Топшириққа асосан, 29 июнь куни туман халқ таълими тизимининг 80 нафар техник ишчи ходимлари янги барпо этилаётган «Яшил хиёбон» ҳудудида «шанбалик» ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилганлиги маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 14 августидаги ПҚ-3907-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон фармонига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимдаги таълим муассасалари ўқитувчилари ва ишчи-ходимларини фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга, яъни ободонлаштириш, дала ишлари, пахта йиғим-терими, мажлисларда қатнашиш, обуна, уйма-уй юриш ва бошқа тадбирларга жалб этилмаслик вазифалари юклатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилди. М.Аллохонова Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасига тайинланди.

Косонсой туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 80 нафар ишчи ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига жорий йилнинг 4 июль куни хат юборилди.

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспекторни ишга туширган. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўқитувчиларга бетон қуйдиргани хабар қилинган ХТБ мудири ишдан бўшатилди