Ўзбекистон ҳудудлари учун логотип танланмоқда: Ғолиблар 25 миллион сўмдан мукофот олади

  • 08 июль 2019, 21:24
  • 648
  • Жамият
  • Ўзбекистон ҳудудлари учун логотип танланмоқда: Ғолиблар 25 миллион сўмдан мукофот олади
    Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси, 12 вилоят ва Тошкент шаҳри учун туризм логотипларини танлаш учун ташкилот расмий сайтида овозга қўйди. Ғолиб логотип муаллифлари 25 млн сўмдан пул мукофоти олади.

    «Ўз ҳудудингиз логотипини танлашда иштирок этишни хоҳлайсизми? Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон ҳудудлари логотиплари танловига йўлланган лойиҳалар орасидан энг саралари танлаб олинганини маълум қилади. Ғолибларни эса сиз uzbektourism.uz’да ўзингизга маъқул келган логотип намунасига онлайн овоз бериш йўли орқали аниқлайсиз.

    Президентнинг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5611-сонли фармони билан тасдиқланган «2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси»ни амалга ошириш бўйича «2019 йилги чора-тадбирлар режаси»га мувофиқ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг туристик брендларини ишлаб чиқишга доир танлов эълон қилган эди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тегишли ҳудудлар логотипларининг асосий элементлари бўйича мезонлар тақдим этилди.

    Ушбу мезонлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Андижон, Хоразм, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Наманган, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг туристик брендларини яратиш бўйича танлов эълон қилинди.

    Ҳудудларнинг туристик логотиплари танловида ижодкорлар, дизайнерлар, блогерлар, олимлар, тарихчилар, талабалар ва фуқаролигидан қатъи назар туризмга қизиқиши бўлган бошқа кишилар иштирок этишди.

    Бугунга келиб туризм соҳасининг нуфузли вакилларидан иборат Комиссия аъзолари танловга йўлланган 700га яқин логотипдан 84тасини (яъни ҳар бир ҳудуд бўйича 6тадан) саралаб олишди.

    Диққат! Қуйида жойланган сўровнома бўйича ўзингизга ёққан логотипга овоз беришингиз мумкин. Агар сизга тақдим этилган логотиплардан бирортаси маъқул келмаса ва сиз уларни муайян ҳудуд логотипи бўлишга нолойиқ деб топсангиз, у ҳолда «еттинчи вариант»га овоз бериш имконига эгасиз. Еттинчи вариантга овоз берганлар жами 20 фоизни ташкил қилган тақдирда, якунга кўра такрорий танлов ўтказилади. Танловнинг энг яхши логотип лойиҳаси учун ҳар бир ҳудуд бўйича ғолиб 25 миллион сўм миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланади», дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

    » » Ўзбекистон ҳудудлари учун логотип танланмоқда: Ғолиблар 25 миллион сўмдан мукофот олади