14:24 / 09.07.2019
3 001

Эксперт таҳлили: “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси

Эксперт таҳлили: “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси
Ижтимоий-иқтисодий муносабатлар жадаллик билан ривожланиб бораётган шароитда ушбу муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларни мазкур жараёнларга мослаб, янгилаб бориш лозим.

Амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуни 2003 йил 29 август куни қабул қилинган. Ҳозирги кунга қадар Ҳукумат фаолиятини тартибга солувчи 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларида акс эттирилган бўлишига қарамасдан, бугунги кунга қадар ушбу нормаларнинг аксарияти тизимлаштирилмаган ва мазкур Қонунда ўз аксини топмаган.

Бундан ташқари, амалдаги Қонун таҳлили, унда Ҳукумат аъзоларининг ўзига бириктирилган аниқ соҳа ва тармоқлар учун жавобгарлиги ҳамда уларни баҳолаш мезонлари тартибга солинмаганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмлари назарда тутилмаганлиги ҳамда инвестиция, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, ташқи иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш ташқи сиёсий фаолият, ахборот технологиялари, ва мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги Ҳукуматнинг ваколатлари аниқ белгиланмаганлигини кўрсатмоқда.

Айни шу сабабдан мазкур Қонунни танқидий кўз билан қайта кўриб чиқиб, янги таҳрирда қабул қилиш ҳозирги кунда долзарб бўлиб турипти.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор вазирликлар, қўмиталар ва идоралар билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда regulation.gov.uz сайтига жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Мазкур янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан қўзланган мақсад Ҳукуматни замонавий ижро ҳокимияти раҳбар органи сифатида унинг ваколатларини аниқ белгилаш, Ҳукумат аъзоларининг ваколатлари ва жавобгарлиги ҳамда ижтимоий ҳимояси кафолатларини ўрнатиш, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, унинг бошқа ҳокимият тармоқлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан муносабатларини ягона қонун доирасида жамлаш ҳисобланади.

Ушбу янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 10 та боб, 50 моддадан иборат. Уни ишлаб чиқишда Германия, Литва, Латвия, Эстония, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Грузия, Арманистон ва Молдова каби давлатларининг тажрибалари ўрганилиб таҳлил қилиб чиқилган.

Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасининг амалдаги қонун билан фарқли жиҳатларига ва янги киритилаётган нормаларга тўхталсак, улар қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, мазкур қонун лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи сифатидаги ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Амалдаги қонунда Ҳукуматнинг ҳуқуқий мақоми ўз аксини топмаган эди.

Иккинчидан, ушбу янги таҳрирдаги лойиҳа билан Ҳукумат фаолиятининг асосий дастур амал принциплари инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ
ва эркинликларини таъминлаш, ҳокимият тармоқларининг бўлиниши ва ҳамкорлиги, очиқлик ва шаффофлик
каби принциплар билан бойитилаётганлиги қайд этиш лозим.
Мазкур инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш принципининг киритилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши лозимлиги тўғрисидаги фикрларининг айни акси ҳисобланади.

Учинчидан, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ҳукумат фаолиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиш тартибини назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу фаолиятни тартибга солишга қаратилган норма амалдаги Қонунда мавжуд эмас.
Ҳозирги ахборот технологиялари асрида бундай норманинг киритилиши албатта айни муддао ҳисобланади.

Тўртинчидан, ушбу қонун лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамасининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдидаги ҳисобдорлигини тартибга солувчи норма билан тўлдирилмоқда.

Бешинчидан, мазкур янги таҳрирдаги қонун лойиҳасидаги яна бир янгилик сифатида Бош вазирга таклифларнинг пухта ишлаб чиқилишини, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Бош вазир маслаҳатчилари лавозими жорий қилинаётганлиги таъкидлаб ўтиш лозим. Амалдаги Қонунда ушбу турдаги норма мавжуд эмас.

Олтинчидан, ушбу қонун лойиҳаси билан давлат бошқаруви, хўжалик ва ижтимоий-маданий қурилишнинг энг муҳим масалалари юзасидан самарали қарор қабул қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари ўтказиладиган масалалар доираси белгиланиб, Ҳукумат ва унинг Раёсати мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар рўйхати, мажлисларни ташкил қилиш ва уларни ўтказиш тартиби мустаҳкамланмоқда.

Еттинчидан, Амалдаги Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг бошқа ҳокимият идоралари ва вакиллари билан ўзаро ҳамкорлиги анча тор қилиб кўрсатиб ўтилган.
Шу сабабли, мазкур янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси Ҳукуматнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси, суд ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини тартибга солувчи нормалар бойитилмоқда.

Саккизинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодиёт, бюджет, молия, пул-кредит сиёсати; ижтимоий, маданий-гуманитар, экология; ҳудудларни ривожлантириш; ташқи сиёсат; инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият; ахборот технологиялари ва коммуникациялари; жамоат тартибини сақлаш, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Тўққизинчидан, Ҳукумат фаолиятини ташкил этишнинг янги иш услублари, шу жумладан, ҳудудларда Вазирлар Маҳкамасининг мавзули сайёр мажлисларини ўтказиш тартиби белгиланиб, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Ҳукумат аъзоларининг ваколатлари ва жавобгарлиги, шунингдек, уларни лавозимга тайинлаш ва озод этиш тартиби кенг ёритилмоқда.

Ўнинчидан, Ҳукумат аъзолари ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларининг ижтимоий ҳимояси кафолатлари кўрсатиб ўтилмоқда.
Мазкур Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамаси ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги, самарали усуллари ва замонавий механизми жорий этилишига, Ҳукумат аъзоларининг давлат сиёсатини амалга оширилишидаги ҳамда ўзларига бириктирилган соҳаларда аниқ натижаларга эришишдаги шахсий масъулияти ошишига, ушбу соҳаларни ривожлантириш бўйича жавобгарлик ҳисси кучайишига, мазкур муносабатларни тартибга солувчи турли даражадаги қонун ҳужжатлари тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунда мужассамлашишига ҳамда соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлишига олиб келади.

Мурод Исматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эксперт таҳлили: “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси